Ҳамас Ғазодаги полиция ва хавфсизлик кучларига тегишли минглаб автомат милтиқлар ҳамда бошқа қуроллардан воз кечиши мумкин. Аммо бу ён бериш Исроил ва АҚШ талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Фаластиндаги қуролли қаршилик гуруҳи – Ҳамас Ғазодаги полиция кучлари ва бошқа ички хавфсизлик хизматларига тегишли минглаб автомат милтиқлар ва бошқа қуроллардан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда New York Times саволларига жавоб берган Ҳамас сиёсий раҳбариятининг Ғазодаги икки мулозими маълум қилди. Уларнинг изоҳлари ўтган ҳафта Қоҳирада Ҳамас ва «Тинчлик кенгаши» расмийлари ўртасида музокаралар кетаётган бир вақтда янгради.
2023 йил октябрда Ғазода бошланган 2 йиллик уруш давомида ҳам, ундан кейин ҳам Ҳамас расмийлари халқаро ОАВ билан камдан кам мулоқот қилади. Бу қисман – Исроил алоқаларни тутиб олиши, бу маълумотлардан уларни нишонга олиш учун фойдаланиши хавотири билан боғлиқ.
Бунинг ўрнига, одатда Қатар, Туркия ва Ливандаги Ҳамас етакчилари гуруҳ номидан гапиради. Шунга қарамай, Ғазодаги ҳарбий ва сиёсий етакчилар доимий сулҳ ёки Ҳамаснинг келажакдаги роли бўйича қарор қабул қилишда кучли таъсирга эга.
Қуролларни қисман топширишга оид бу қадам – ҳозиргача ўз қуролларидан воз кечишга қаршилик қилиб келган Ҳамас учун жуда катта ён бериш бўлади. Мулозимларнинг айтишича, Ҳамас ушбу қуролларни – «Тинчлик кенгаши» томонидан Ғазони бошқариш учун ташкил этилган Фаластин маъмурий қўмитасига топширишга мойил. Қўмита Ҳамаснинг ҳарбий қанотига тегишли қуролларни ҳам мусодара қила оладими, деган саволга гуруҳ мулозимлари аниқ жавоб бермади.
Кимда қандай қуроллар бор?
Ғазода Ҳамас бошқарувидаги ҳукумат полиция ва ички хавфсизлик хизматларини назорат қилади. Ҳамаснинг таклифида полициядан ташқари қайси хизматлар қуролларини топшириши аниқ кўрсатилмаган, аммо бу ички разведка агентлигини назарда тутган бўлиши мумкин.
Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, Ҳамаснинг ҳарбий қаноти полиция кучларига қараганда анча кўп қуролга эга. Жумладан, уларда ўн минглаб автоматлар ва танкка қарши ракеталар каби оғир қуроллар мавжуд.

















