Жаҳон | 19:27 / 16.08.2024
2472
2 дақиқада ўқилади

Россия визасини олмоқчи бўлган чет эл фуқаролари энди суҳбатдан ўтади

Суҳбат давомида чет эл фуқароси сафар мақсадини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин.

Фото: «РИА Новости»

Россия виза бўйича мурожаат қилган чет элликлардан саёҳат мақсади ва мамлакатда қолиш шартларини текшириш учун уларни суҳбатдан ўтказади. Бу ҳақда ҳукуматнинг янги қарори қабул қилинди.

«Чет эл фуқаросига виза бериш масаласини кўриб чиқишда Россия Федерациясига сафар мақсади ва мамлакат ҳудудида бўлиш шартларини тасдиқловчи маълумотларнинг тўғрилигини қўшимча равишда текшириш учун ваколатли давлат органи чет эл фуқароси билан шахсий суҳбат ўтказади», — дейилади ҳужжатда.

Суҳбат давомида чет эл фуқароси сафар мақсадини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин.

Россия кириш учун аксарият Европа давлатлари, АҚШ, Канада, Австралия, айрим Африка ва Жанубий Америка давлатлари виза расмийлаштириши керак. МДҲ, Куба, Венесуэла, шунингдек, маълум шартлар асосида Хитой, Туркия, Сербия ва бошқа давлатлар билан визасиз режим жорий этилган.

Дунёнинг 55 та мамлакати фуқаролари Россия ҳудудига кириш ҳуқуқини берадиган визани электрон олиши мумкин, бунинг учун ўз юртидаги консуллик муассасига мурожаат қилиш ҳам талаб этилмайди. Ягона электрон виза тизими орқали 2023 йилнинг августидан бери чет эл фуқароларига 540 мингдан ортиқ виза расмийлаштирилган.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, электрон визани расмийлаштириш борасида мутлақ етакчилик Хитойга тегишли — 254,2 минг. Ундан кейинги ўринлардан Саудия Арабистони (43,4 минг) ва Германия (42,6 минг) ўрин олган. Туркия ва Эстония эса мос равишда 32,8 минг ҳамда 28,6 минг электрон визани расмийлаштириб, кучли бешликка якун ясаган.

Мавзуга оид