Ўзбекистон | 23:59 / 16.08.2024
4679
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобуслар тезлиги 50 км/соатгача чекланади

«Тошшаҳартрансхизмат» махсус дастурий таъминот ёрдамида жамоат транспортининг максимал тезлигини туширмоқда.

Фото: KUN.UZ

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖга қарашли барча автобусларнинг максимал тезлиги махсус дастурий таъминот ёрдамида 50 километр/соатга туширилмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Компания вакилининг қайд этишича, бундан мақсад — йўловчилар хавфсизлигини ошириш ва кўчаларда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат.

«Бу дастур қилинганидан кейин автобус тезлиги 50 км/соатдан кўтарилмайди», — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» вакили. 

Тезлиги чекланган автобусларнинг олд ойналарига «50» огоҳлантирувчи белгиси ёпиштириб чиқилмоқда.

2023 йил февралда Тошкентда, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаги ташкил этилган 4 та кўчада бу йўлаклардаги қоидабузарликларни қайд этувчи 55 та янги камера ўрнатилгани тўғрисида хабар берилганди. Бунга қўшимча равишда автобусларнинг ўзига ҳам қоидабузарликни автоматик қайд этувчи смарт-камералар ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгаришга асосан, 2023 йил 5 апрелдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида транспорт воситаларининг рухсат этилган максимал тезлиги 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилган.

Мавзуга оид