Жаҳон | 22:26 / 16.08.2024
1964
2 дақиқада ўқилади

Хорватия мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклайди

Мамлакатда 2025 йил 1 январдан қайта тикланадиган муддатли ҳарбий хизмат икки ой давом этади.

Фото: AP / Francois Mori

Хорватия 2025 йил 1 январдан бошлаб 2008 йилда бекор қилинган мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклайди, деб хабар беради мамлакат мудофаа вазири Иван Анусич. Хизмат муддати икки ойни ташкил этади. Бу каби қадамни ташлашга Россиянинг Украинага қарши босқини фонида Европада кескинлик юзага келгани сабаб бўлган.

«Қуролли кучларни модернизация қилиш ва таъминлаш иттифоқчиларимиз ҳамда НАТО раҳбарияти билан келишган ҳолда, режа асосида амалга оширилмоқда», — дейди мудофаа вазири.

Айни вақтда Европадаги қатор давлатлар ўз фуқаролари учун мажбурий ҳарбий хизматни тиклаш имкониятини кўриб чиқмоқда, айримлари эса буни амалга ошириб бўлди. Хусусан, 2023 йилда Латвия мажбурий ҳарбий хизматни яна тиклади. Сербия ҳам чақирувни қайта тиклаш ҳақида ўйламоқда, аммо Белград ҳозирча қарор қабул қилмади.

Армияга бориш мажбурий ҳисобланган Норвегия апрель ойида қўшинларни яна 20 минг муддатли ҳарбий хизматчи ҳамда резервдагилар билан тўлдириш режасини тақдим этганди.

Май ойида «авторитар давлатлар томонидан хавфнинг ортиб бораётгани» туфайли Британия бош вазири Риши Сунак ҳам мажбурий ҳарбий хизматни қайтаришга ваъда берганди. Ўша ойнинг ўзида Германия Мудофаа вазирлиги мамлакатда ҳарбий чақирувни қайта тиклашнинг учта вариантини ишлаб чиққан. Июнь ойида немис мудофаа вазири армияда мажбурий хизматга оид ўз режасини тақдим этиб, Берлин «2029 йилгача урушга тайёр бўлиши кераклигини» таъкидлаганди.

Литва парламенти мактабни тамомлаган йигитларни армияга мажбурий чақиришни маъқуллаган эди. Улар 9 ой давомида ҳарбий хизматни ўташи керак бўлади, алоҳида ҳолатларда хизмат муддати 6 ойгача қисқартирилиши мумкин.

Яқинда НАТОга қўшилган Финландияда эса муддатли ҳарбий хизмат мажбурий. Ҳар йили 30 мингга яқин чақирилувчи муддатли ҳарбий хизматни ўтайди, яна 35 минг захирадаги ҳарбийлар қайта тайёргарликдан ўтади.

Мавзуга оид