Ўзини ўзи банд қилган таксичилар бўйича статистика очиқланди
Йўловчи ташиш соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлар сони 576 мингдан ошди. Улардан 361 мингдан ортиғи агрегаторлар орқали хизмат кўрсатади. 7600 нафар таксичи йил бошидан бери жами 50-100 млн сўм оралиғида, 171 нафари эса 100 млн сўмдан ошиқ расмий даромад топган.
Ўзбекистонда ҳозиргача 142 та такси агрегатори солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграцияни якунлаган. Апрел ойида уларнинг сони 6 та эди, дея хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси.
Қўмита маълумотларига кўра, йил бошидан 15 августгача агрегаторлар орқали 166 млндан ортиқ қатнов учун 3 трлн сўмлик фискал чек берилган. 1 март ҳолатига (18,3 млн қатнов) таққослаганда қатновлар сони 9 баробарга ортган.
Аввал норасмий ишлаб келган ярим миллион нафардан ортиқ фуқаро (576,1 минг) йўловчи ташиш соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтган. Улардан 361 минг нафардан зиёди агрегаторлар орқали хизмат кўрсатади, бу март ойидаги кўрсаткичларга нисбатан 2 баробар кўп.
Ҳайдовчиларнинг 21 фоизи Nexia автомобилида, 20 фоизи Cobalt'да таксичилик қилмоқда. Энг кенг тарқалган такси машиналари бешлигида Lacetti (16 фоиз), Spark (13 фоиз) ва Matiz (10 фоиз) ҳам бор.
Тўловларни фискаллаштириш ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчиларнинг даромадлари ҳақида маълумот олиш имконини беради. Уларнинг йил бошидан 15 августгача топган умумий даромади қуйидагича:
- 125,6 минг нафари 1 млн сўмгача;
- 104 минг нафари – 1-5 млн сўм;
- 45,3 минг нафари – 5-10 млн сўм;
- 78 минг нафари – 10-50 млн сўм;
- 7,6 минг нафари – 50-100 млн сўм.
- 171 нафар ҳайдовчининг даромади 100 млн сўмдан ошган.
Қўмита матбуот котиби Дилдора Ҳошимова Kun.uz’га берган қўшимча изоҳида даромадлар ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлади.
“Бир нарсани инобатга олиш керак: 1 млн сўмгача даромад топган такси ҳайдовчилари доимий такси фаолияти билан шуғулланмайди ёки январ ойида фаолиятини тугатган. Нисбатан кўпроқ даромад олаётганлар 8 ой давомида доимий такси фаолияти билан банд бўлган. Даромадлар ойлик эмас, балки январ ойидан августгача топилган даромадлардир ”, – дейди у.
Солиқ қўмитаси хабарига кўра, бу рақамлар норасмий бандлик ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг яширин шаклларини легаллаштириш натижалари ҳисобланади.
“Такси бозорида яширин айланмалар улушини камайтириш бу – ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган адолатли ва шаффоф бозорни яратиш йўлидаги муҳим қадам”, – дейилади баёнотда.
Аввалроқ, такси агрегаторлари орқали йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчиларга тегишли бўлган автомобилларнинг 64 фоизи Тошкент шаҳрида ҳаракатланиши маълум қилинганди.
Мавзуга оид
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
18:50 / 29.10.2024
Тошкентда икки талаба таксичини ўлдириб, машинасини олиб қочмоқчи бўлди
07:50 / 25.10.2024