Ўзбекистон | 15:54 / 19.08.2024
3421
3 дақиқада ўқилади

“Аралаш тизим партияларни фаоллаштиришидан умидвормиз” — МСК вакили

27 октябр куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайлов ўтказилади. Сайлов кампанияси 26 июлдан бошланган. Kun.uz билан суҳбатлашган МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровга кўра, бу сайловда электрон овоз бериш тизими тест режимида синаб кўрилади. Сайловчи қўлида эса 4 бюллетен бўлади. Аралаш тизим сиёсий партияларни ҳам фаоллаштиришидан умидвормиз, дейди Қўчқоров.

МСК ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 20 миллион сайловчи овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Рўйхатга олиш сайловга 5 кун қолганда тўхтатилади. Бу йили парламент сайлови аралаш тизимда, яъни ҳам мажоритар, ҳам пропорционал тартибда ўтади. Қўчқоровга кўра, бу камчилик овоз берувчиларнинг фикрларини ҳам инобатга олишга ёрдам беради. Бундан ташқари, пропорционал тартибда овоз беришда номзод эмас, партиялар танланади. Бу эса партиялараро рақобатни оширишидан умидвормиз, дейди раис ўринбосари.

Сайловчи 27 октябр куни жами тўртта бюллетенни белгилаши керак бўлади. Иккитаси Қонунчилик палатаси депутатларини, яна иккитаси эса маҳаллий кенгаш депутатларини сайлаш учун. Овоз бериш жараёнлари сайлов куни эрталаб соат 08:00 дан кечки соат 20:00 га қадар давом этади. Хорижий давлатларда эса маҳаллий вақт билан шу соатлар оралиғида ташкил қилинади.

Муддатидан аввал овоз бериш кунлари эса қонунчиликка мувофиқ белгиланади, соатлари сайловчиларнинг имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади.

Дунёда электрон, почта орқали ва анъанавий тарзда овоз бериш усуллари кенг тарқалган. Ўзбекистонда эса сайловчилар фақат бир усул – сайлов участкасига келиб, бюллетенни белгилаган ҳолда овоз бериши керак. МСК вакилига кўра, электрон тизим қизиқ, лекин овозларнинг шаффофлиги, ҳаққонийлигини таъминлаш масаласи бор. Бироқ бу йили электрон тизимда овоз бериш тест режимида жорий этилиши мумкин.

Сайловларнинг эркин демократик руҳда ўтишида кузатувчиларнинг ўрни муҳим, айниқса халқаро доирадаги вакилларнинг. МСК парламент сайловини кузатиш учун ҳам турли халқаро ташкилотлар, сайлов органларига таклиф жўнатган. Куз ойларида дунё бўйлаб қатор сайловлар режаланган. Бироқ хатларимиз жавобсиз қолмаяпти, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ ва бошқа тузилмаларга таклиф жўнатдик. Жараён давом этмоқда, дейди Баҳром Қўчқоров.

Сиёсий партияларнинг фаол эмаслиги билан боғлиқ саволни эса МСК вакили уларнинг ўзига қолдирди. МСК ваколатига сайловларни ўтказиш, ташкил қилиш киради. Фаол бўлиш-бўлмаслик эса партияларнинг ўзига ҳавола, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, сайловда қатнашиш учун бирор янги партия мурожаат қилмаган. Бироқ мурожаат қилиш учун сайлов кампанияси бошланишидан 4 ой аввал у партия рўйхатдан ўтган бўлиши керак эди.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид