Жаҳон | 14:25 / 24.03.2026
2084
3 дақиқада ўқилади

Данияда сайловлар: Гренландия атрофидаги зиддият сиёсат марказида

Бош вазир Метте Фредериксен Гренландия масаласида АҚШ билан юзага келган зиддият фонида учинчи муддатга эришишга интилаётган бўлса, унинг асосий рақиби мудофаа вазири Трулс Лунд Поулсен ҳисобланади.

Фото: Tom Little/REUTERS

Данияда 24 март, сешанба куни навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Социал-демократик партия вакили, бош вазир Метте Фредериксен Гренландия тақдири юзасидан Вашингтон билан юзага келган можаро ортидан халқаро сиёсат саҳнаси марказига чиққан ҳолда, учинчи муддатга эришишга ҳаракат қилмоқда. Унинг асосий рақиби — марказчи йўналишдаги мудофаа вазири Трулс Лунд Поулсен бўлиб, у либерал “Венстре” партияси вакилидир.

Сайловлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Гренландия устидан назорат ўрнатишга интилиши атрофида бир неча ойдан бери давом этаётган кескинлик шароитида ўтмоқда. Фредериксеннинг қатъий рад жавоби унинг маъқуллаш рейтинги ошишига ва ҳукуматининг қўллаб-қувватланиши пасайиб борган даврдан кейин сиёсий позициясини мустаҳкамлашига ёрдам берди. Шу вазиятдан фойдаланишга уринган Фредериксен ўтган ойда навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини эълон қилган эди.

Сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, сўл-марказчи социал-демократлар яна энг йирик партия бўлиб қолиши мумкин, бироқ ижтимоий дастурлар қисқартирилгани ва яшаш қиймати ошиб бораётганидан сайловчилар норозилиги туфайли улар сўнгги юз йилдан ортиқ даврдаги энг ёмон натижаларидан бирини қайд этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Фредериксен ўзини инқироз шароитида ишончли бошқарувчи сифатида намоён қилмоқда. Айни пайтда у Поулсен партияси ҳам кирган уч партияли марказчи коалицияга бошчилик қилмоқда, аммо сўровлар сайловдан кейин бу иттифоқ сақланиб қолишига шубҳа уйғотмоқда.

Парламентдаги 179 ўриндан бирортасини ҳам сиёсий лагерлардан ҳеч бири мустақил кўпчилик билан эгаллай олмайди, деб кутилмоқда. Бу эса яна собиқ бош вазир ва ҳозирги ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен ҳамда унинг марказчи “Мўътадиллар” партиясини ҳал қилувчи куч — яъни “қирол ясовчи” мақомига олиб чиқиши мумкин.

Гренландия тақдири, халқаро миқёсда қанчалик кескин мавзу бўлмасин, Даниядаги сайловолди кампаниясининг асосий мавзусига айланмади. Партиялар асосан ички муаммоларга — озиқ-овқат ва ёнилғи нархлари, қишлоқ хўжалигининг келажаги, ичимлик суви сифати ҳамда фермалардаги шароитни яхшилаш масалаларига эътибор қаратди. Ўнг қанот популистлар эса миграция сиёсатини янада қатъийлаштириш чақириқлари билан қўллаб-қувватлов топишга уринди.

Овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган дат сайловчилари сони тахминан 4,3 миллион нафарни ташкил этади. Сайлов участкалари Марказий Европа вақти билан соат 8:00 дан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 12:00 дан 24:00 гача) ишлайди, дастлабки натижалар эса бугун кечқурун эълон қилиниши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид