Ўзбекистон | 12:09 / 23.08.2024
8221
2 дақиқада ўқилади

Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги махсус вакили этиб тайинланди

Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.

Фото: Шаҳноза Мирзиёева / Instagram

“Бугун биз Диёра Келдиёровани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинлаш орқали Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очдик. Бу қарор қоғоздаги гап эмас, балки жамиятимиздаги чуқур ижобий ўзгаришлар рамзидир”, деб ёзди у.

Қайд этилишича, Келдиёрованинг олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади.

“Диёра замонавий ўзбек аёлининг серқирралиги — меҳрибон қиз, содиқ рафиқа, ҳурматга муносиб келин, шу билан бирга, мамлакатимизни жаҳон аренасида муваффақиятли намоён этаётган Олимпиада чемпиони тимсоли. Унинг махсус вакил сифатидаги янги вазифаси Ўзбекистондаги барча аёллар учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаган ҳолда исталган соҳада чўққига чиқиши мумкинлигига ўзига хос чорлов бўла олди”, дейди Шаҳноза Мирзиёева.

Мавзуга оид