Ўзбекистон | 17:54 / 31.08.2024
2816
2 дақиқада ўқилади

Марказий ҳарбий округда зирҳли ва махсус ҳарбий техникаларни таъмирлаш йўлга қўйилди

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округининг ҳарбий қисмларидан бирида зирҳли ва махсус ҳарбий техникаларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш цехи фойдаланишга топширилди. Бу ердаги яхлит базада жанговар машиналар тезкор ва мажмуавий тикланиши айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

“Ўзбекистон 24” хабарига кўра, Самарқанд вилоятида жойлашган иншоот Қуролли кучлар Олий бош қўмондони, президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил январ ойида Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ишга туширилган.

Маълум бўлишича, мудофаа вазири мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан очилган янги объектни кўздан кечирган. Кадрларда заводдаги СССР даврида ишлаб чиқарилган Т-64 жанговар танклар ва 120 ммли ўзиюрар гаубицалар кўринган. Ахборотга кўра, улар қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилади.

«Бу ердаги яхлит базада жанговар машиналарни тезкор, мажмуавий ва самарали тиклаш, созлаш ишлари амалга оширилади. Таъмирлаш дастурига ёнғинни бошқариш тизими, ўт ўчириш воситалари, юриш қисмлари, электрон ва махсус жиҳозларни тиклаш кабилар киради. Аслида бу ёпиқ таъмирлаш циклига эга конвейердир.

Масалан, ўнлаб нуқталар ҳарбий техникаларни сақлаш ҳолатидан жанговар ҳолатга қайтарадиган, демонтаждан то техник нуқсонли зирҳли машиналарга тўлиқ хизмат кўрсатишгача бўлган турли хил таъмирлаш станциялари ва мураккаб ишларни қамраб олади,»дейилади хабарда.

Қуролли кучлар фахрийси Одил Аминовга кўра, аввал Ўзбекистонда бундай замонавий цехлар бўлмаган. Цех, шунингдек дала майдонидаги амалий машғулотларда ҳам кўчма фаолият олиб бориши мумкин.

Завод яқин келажакда қўшимча технологик линиялар билан кенгайтирилади, замонавий ускуналар олиб келинади. Асосий мақсад Қуролли кучлар мудофаа қобилияти ва жанговар тайёргарлигини ошириш экани айтилмоқда.

Мавзуга оид