Жаҳон | 21:42 / 20.08.2024
6368
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги «Белгород», «Брянск» ва «Курск» қўшин гуруҳларини ташкил этди

Улар «фуқаролар ва ҳудудларни учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқа ҳужум воситаларининг ҳужумларидан ҳимоя қилиш» учун жавобгар бўлади.

Фото: РИА Новости

Россияда «Белгород», «Курск» ва «Брянск» қўшин гуруҳлари тузилади, деди Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов чегара ҳудудлари ҳарбий хавфсизлигини мувофиқлаштириш кенгаши йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, ушбу гуруҳлар қўмондонлари ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби вакили «фуқаролар ва ҳудудларни учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқа ҳужум воситаларининг ҳужумларидан ҳимоя қилиш» учун жавобгар бўлади. Бу гуруҳларга ким раҳбарлик қилиши аниқ эмас.

2024 йил апрел ойида рус қўшинларининг Харкив вилоятига янги ҳужумидан сўнг, Россия Қуролли Кучлари таркибида «Шимолий» қўшинлар гуруҳи яратилгани, уларнинг таркибига «Белгород», «Курск» ва «Брянск» гуруҳлари кириши ҳаида хабар берилган эди. Бу учта тузилма «чегарани қўриқловчи» гуруҳ экани айтилди.

Илгари Мудофаа вазирлиги фақат Украинада жанг қилаётган россиялик қўшин гуруҳлари фаолияти ҳақида хабар берган.

Йиғилишда Белоусов, шунингдек, генерал-полковник Юнус-Бек Евкуровни Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбари ўринбосари этиб тайинлади ва Мудофаа вазирлигидан ҳар бир кенгаш аъзосининг масъулият соҳаларини тақсимлади.

6 августдан бери Украина ҳарбийлари Курск вилоятининг чегара ҳудудларида ҳужумкор операция ўтказмоқда. Минтақада федерал фавқулодда ҳолат жорий этилди. 10 августдан Курск, Белгород ва Брянск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими амал қилмоқда.

Мавзуга оид