Ўзбекистон | 19:34 / 31.08.2024
2650
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: “Демократик ислоҳотларни давом эттириб, халқимизни рози қилишга бор кучимизни сафарбар этамиз”

Ўзбекистон президенти мамлакат халқини мустақилликнинг 33 йиллиги билан қутлаб, ўтган йили ЯИМ 100 млрд доллардан ошганини таъкидлади. “Ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Янги Ўзбекистон” боғида мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам шодиёнаси бўлиб ўтмоқда. Маросимда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Давлат раҳбари кўп миллатли халқимизни бугунги улуғ айём билан чин қалбдан табриклаб, барчага ўзининг юксак ҳурмати, эзгу тилакларини изҳор этди.

“Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини ёдга олди.

“Улар – ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадид боболаримиз, миллий озодлик йўлида жон фидо этган улуғ аждодларимиздир. Улар – ғоят оғир шароитда ҳам миллий истиқлол ва ҳуррият ғояларига содиқ қолган қаҳрамонларимиздир. Бугун уларнинг эзгу ғоя ва тамойилларига таяниб, янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини яратмоқдамиз. Бу фидойи зотларнинг номларини ҳеч қачон унутмаймиз. Уларнинг хотираси қалбимизда, юрагимизда ҳамиша яшайди”, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар қўйилганини қайд этди.

“Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда. Сўнгги 7 йилда Ўзбекистон ташаббуслари асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 10 дан зиёд, жумладан, жорий йилда 4 та махсус резолюция қабул қилинди. Жаҳон банки бу йил мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилди. Кўплаб давлатлар билан солиштирганда бу анча юқори кўрсаткичдир. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 100 миллиард доллардан ошди”, – деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ислоҳотларга “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя чуқур кириб бораётганини айтди.

“Иқтисодий ютуқларимиз жорий йил сентябр ойидан пенсия ва нафақалар миқдорини, октябр ойидан эса бюджет ходимлари, шифокорлар ва педагоглар маошини ошириш имконини бермоқда.

Одамларимизда ҳаётдаги муаммолар ечимига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позицияси кучаймоқда. Аҳолимиз “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол қатнашиб, маҳаллалар ҳамда ижтимоий объектларни молиялаштиришни мустақил ҳал этмоқда. Ўтган даврда юртдошларимиз маъқуллаган 13 мингдан ортиқ лойиҳалар учун 11 триллион сўм маблағ ажратилгани ҳам буни тасдиқлайди.

Экологияни асраш, табиий ресурсларни тежаб ишлатиш, жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича замонавий тизимларга ўтиш ишлари кучайтирилди. Мамлакатимизда “Яшил макон” дастури давом этмоқда. Айниқса, Орол денгизи тубини кўкаламлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа минтақа бўйлаб чанг ва туз тарқалишининг олдини олишга ёрдам бермоқда”, – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Парижда бўлиб ўтган 33-ёзги Олимпия ўйинларида 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медали қўлга киритилгани, спортчиларимиз миллий спортимиз тарихида шонли саҳифа очганини эътироф этди. Шу кунларда Париждан яна кетма-кет қувончли хабарлар келаётгани айтилди. Паралимпиячи ўғил-қизларимиз ҳам халқимиз учун Мустақиллик байрамига муносиб совғалар ҳадя этишмоқда.

“Мана, бизнинг қандай қаҳрамонларимиз, қандай ўтюрак паҳлавонларимиз бор! Уларга таҳсин ва тасаннолар бўлсин!” – деди президент.

Шунингдек, бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўяётгани таъкидланди.

“Лекин ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратамиз.

Лекин, тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир!” – деди Ўзбекистон етакчиси.

Мавзуга оид