Жаҳон | 22:20 / 04.09.2024
18158
6 дақиқада ўқилади

Уруш бошидан бери энг йирик намойишлар: Исроилда нималар бўлмоқда?

Ғазода гаровга олинган олти нафар исроилликнинг жасади топилиши ортидан, Исроилда уруш бошланганидан кейинги даврдаги энг йирик намойишлар бўлиб ўтди. Мухолифат етакчиси Яир Лапид умуммиллий иш ташлашга чақирган. Бинямин Нетаняҳу ҳукумати ва Ҳамас ўртасидаги музокаралар яна боши берк кўчада, томонлар бир-биридан нимани талаб қиляпти?

Исроилнинг энг йирик касаба уюшмаси Ҳистадрут ишчиларни 2 сентябр куни иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, жумладан банк сектори, соғлиқни сақлаш ва мамлакатнинг асосий халқаро аэропорти Бен Гурион фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида умумий иш ташлашга чақирган эди.

Бироқ меҳнат муносабатлари суди иш ташлашни сиёсий характерга эга деб топди ва иш ташлаш бошланганидан 8 соат ўтиб, уни тугатишга буйруқ берди.

Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, Нетаняҳунинг қарорларига халқаро босим эмас, айнан Исроил жамиятининг норозилиги кўпроқ таъсир қилади. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, мамлакатдаги кенг кўламли иш ташлашлар Нетаняҳу сиёсатига қанчалик таъсир қилди?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, Исроилда урушнинг бориши, асирларнинг озод этилмаётгани борасида Нетаняҳуни айбловчи сайловчиларнинг улуши узоғи тўртдан бир ёки учдан бир қисмни ташкил этиши мумкин. Бу эса катта ўзгаришларга олиб келувчи натижа эмас. Агар Исроил аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи норози позиция билдирганида, вазиятни жорий ҳукумат учун қалтис даражада деб ҳисоблаш мумкин бўларди, дейди у.

“Исроил жамияти Нетаняҳунинг нияти Фаластин билан келишиш эмас, балки зиддиятни кучайтирган ҳолда бошқарувни сақлаб қолиш эканини тушуниб, намойишларга чиқишмоқда. Лекин у Ғазодаги операцияни тўхтатмаслик ва Филаделфия сарҳадларидаги назоратни ҳам ўз қўлига олишни ният қилган. Шунингдек, Исроил жамиятининг каттароқ қисми уни қўллаб-қувватлашига ҳам ишонади”, – дейди Раббимов.

Август ойи якунида Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтган, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар натижасиз якунланган эди. Сиёсатшунос Бектош Бердиевга кўра, Ҳамас ва Исроил келиша олмаётган масалалар рўйхати қисқа эмас.

“Исроилнинг Ҳамасга қўяётган шартлари қуйидагича: йўлаклар Исроил назоратида бўлиши, Ҳамаснинг сиёсий майдондаги ўрни бутунлай тугатилиши ва унгача бўлган даврда барча асирларнинг озод этилиши кабилар. Шунингдек, Ғазода Ҳамаснинг бошқаруви бутунлай йўқ бўлиши керак.

Ҳамас эса Исроилдан Рафаҳ ва бошқа катта шаҳарлардан ўз қўшинларини олиб кетишни, Ғазога гуманитар юклар кириб келишига тўсқинлик қилмасликни, Исроил томонидан қўлга олинган Ҳамас аъзолари ва факастинликларни бутунлай озод қилиш, Филаделфия сарҳадларини Фаластин назорати остида қолдириш каби шартларни қўймоқда. Бу сингари шартлар Исроил ва Ҳамас музокараларини боши берк кўчага олиб кириб қўйди”, – дейди таҳлилчи.

Уруш ўтган йили 7 октябрда бошланган бўлса, жорий йил 2 сентябрдаги намойишлар шу ўтган даврдаги энг йириги бўлди. Бир неча юз минг исроиллик қатнашган акциялар Қуддус, Тел-Авив, Кесария каби шаҳарларни қамраб олди.

Камолиддин Раббимовга кўра, ўтган йилнинг октябр воқеаларидан кейин бутун дунёда ва Исроилнинг ичида ҳам Нетаняҳу ҳукуматига салбий қараш кучайиб бормоқда. Агар бу ҳолат шундай давом этадиган бўлса, Нетаняҳунинг сайловларда ютиб чиқиш имконияти кескин пасаяди.

“Чунки у икки хил ўйин қилмоқда. Биринчиси, уруш кабинетини ушлаб туриш орқали эскалацияни кучайтириш, иккинчиси, Фаластин давлатига имконият бермаслик учун ҳаракатларни амалга ошириш. Нетаняҳу келишувларни истамаётгани учун ҳам ўтган ҳафта 6 та асир туннел яқинида ўлдирилди. Агар Ҳамаснинг шартлари бажарилса, Фаластиннинг сиёсий обрўси ошиб кетиши мумкин, Нетаняҳу эса буни истамайди”, дейди у.

Ҳар икки томон музокараларда қатъий позицияда турган масалалардан бири – Ғазо-Миср чегарасидаги Филаделфия йўлаги ва Ғазо секторини иккига бўлиб қўювчи Нетзарим йўлаги бўлмоқда. Исроил бош вазири бу йўлаклардан қўшинларини олиб чиқмаслигини билдирган.

“Исроилнинг асосий мақсади – асирларни қутқариш эмас, унинг асосий мақсади Ғазони эгаллаш. Ҳамаснинг Филаделфия йўлаги устидан назорат Исроилда қолишига қаршилик қилишининг сабаби – бу ерда Ғазо ва Мисрни боғловчи ерости туннеллари мавжуд. Миср расмий баёнотида бундай туннеллар мавжуд эмаслиги, чегарани мустаҳкам қўриқлаётганини таъкидлаяпти. Исроил Синай яриморолидан Ғазога катта ҳажмда қурол-яроғ ва озиқ-овқатлар олиб кириляпти, деб ҳисоблайди.

Нетзарим йўлаги эса шундоқ ҳам аҳоли энг зич бўлган Ғазони икки бўлакка ажратиб қўйиш дегани”, – дейди Бектош Бердиев.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий базалардан иборат Нетзарим йўлагида 1972 йилдан бошлаб Исроил томонидан Ўртаер денгизига чиқиш учун инфратузилма яратилган.

“2005 йил Исроил Фаластиндан чиқиб кетаётганида, бу йўлакни Фаластинга берган эди. Лекин Исроил кейинчалик ҳам бу йўлак устидан назорат ўрнатишни хоҳлаган ва унга эришган ҳам. Бу ердан Ғазо секторининг икки томони кафтдек кўриниб тургани учун ҳам Исроил бундан Ғазога ҳужум қилиш майдони сифатида фойдаланган. Исроилнинг бу ерни назоратга олишдаги асосий мақсади – шимолий ва жанубий Ғазони бир-биридан ажратиб туриш, савдо-иқтисодий йўлак сифатида фойдаланиш ва икки томоннинг назоратини ушлаб туриш”, – дейди сиёсатшунос.

Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, 2024 йил июл ойи ҳолатига, Исроил йўлакнинг кенглигини 2 кмдан 4 кмга етказган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов тайёрлади.

Мавзуга оид