2026 йил баҳорда – Исроилнинг Эрондаги ҳарбий кампанияси авжига чиққан пайтда бош вазир Бинямин Нетаняҳу БАА раҳбари билан учрашиш учун ушбу мамлакатга «махфий ташриф буюрган». Бу ҳақда 13 май куни Исроил бош вазири идораси баёнот берди.

Нетаняҳунинг идораси ташриф айнан қачон бўлгани, у қандай саёҳат қилгани ёки амирликлар етакчиси шайх Муҳаммад бин Зоид Наҳаён билан нималарни муҳокама қилганига аниқлик киритмади. Баёнотда ушбу ташриф БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларда «тарихий бурилиш ясагани» айтилган.

БАА рад қилди

Исроил ҳукумати баёноти эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, БАА бундай ташриф амалга оширилганини рад этди.

«Бирлашган Араб Амирликлари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг БААга тахмин қилинаётган ташрифи ёки мамлакатда Исроилнинг ҳар қандай ҳарбий делегациясини қабул қилганлик ҳақида тарқалаётган хабарларни рад этади», дейилади БАА ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Шунингдек, баёнотда БАА Исроил билан муносабатларини очиқ-ошкора олиб бориши айтилган. Шунинг учун «эълон қилинмаган ташрифлар ёки ошкор этилмаган келишувлар ҳақидаги ҳар қандай даъволар, агар улар БААнинг тегишли органлари томонидан расман эълон қилинмаса, мутлақо асоссиздир».

БАА президенти Муҳаммад бин Зойд / Фото: DMO

New York Times'нинг ёзишича, ушбу зиддиятли баёнотлар муносабатлардаги нозик жиҳатларни намоён этмоқда.

Уруш давомида Эроннинг қўшни давлатларга ҳужумларидан энг кўп зарар кўрган Амирликлар Исроил билан иттифоқни янада мустаҳкамлаган. БААга Исроил мудофаа тизимлари ўрнатилди ва юқори даражадаги раҳбарлар ўртасида телефон мулоқотлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, араб дунёсидаги жамоатчилик фикри асосан Исроилга қарши бўлиб қолмоқда.

Эрон ҳам масалага аралашди