Жаҳон | 22:34 / 11.09.2024
19806
1 дақиқада ўқилади

Тожикистон муфтийси ҳужумга учради

Безори эркак намоздан кейин Душанбе шаҳридаги марказий масжид яқинида уламолар раисига санчувчи-кесувчи қурол билан жароҳат етказган.

Фото: Спутник

Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода масжид яқинида ҳужумга учради. Бу ҳақда мамлакат ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Бугун соат 17:20 да безори бир эркак намоздан кейин Душанбе шаҳридаги марказий масжид яқинида уламолар раисига санчувчи-кесувчи қурол билан жароҳат етказиб, жамоат тартибини бузди», — дейилади хабарда.

Гумонланувчи шахс ички ишлар органлари ходимлари томонидан зудлик билан қўлга олинган. Абдуқодирзода енгил тан жароҳати олган ва шифокорлар текширувидан кейин унга уйига рухсат берилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Саидмукаррам Абдуқодирзода —1963 йилда Кўлоб вилоятида туғилган, 2010 йилдан бери Тожикистон муфтийси лавозимида фаолият юритиб келади, фалсафа фанлари номзоди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид