«Рязан шакари» – Россиядаги шов-шувли ҳодиса тарихи
1999 йил сентябр ойида уч нафар шахс Рязан шаҳридаги кўп қаватли уй ертўласига шубҳали қоплар жойлайди. Бу ишни ўша уйда яшовчилардан бири кўриб қолади ва полицияга хабар беради. Полиция текширганда қопларда портловчи модда борлиги ва уларни жойлаганлар ФХХ ходимлари экани аниқланади...

1999 йил 4 сентябр куни Бўйноқ шаҳрида, 8-9 сентябр кунлари икки марта Москвада, 16 сентябр куни Волгодонскда кўп қаватли уйларда портлаш содир бўлади.
Оқибатда, 307 киши ҳалок бўлади, 1700 киши турли даражада жароҳатланади, кўплаб оилалар бошпанасиз қолади.
Ўшанда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) портлашларни чечен жангарилари уюштирганини айтиб чиқади ва кўп ўтмай Россия армияси Иккинчи чечен урушини бошлаш учун Чеченистонга бостириб киради.
12 кун ичида тўртта кўп қаватли уйнинг портлатилиши Россияда кўп қаватли уйларда яшовчилар орасида ваҳималарни келтириб чиқаради.
Жуда кўп шаҳарларда одамлар тунги навбатчилик ташкил этади ва уйларни ўзлари қўриқлай бошлайди. Ана шундай кунларнинг бирида Рязанда жуда шубҳали бир ҳодиса содир бўлади.
Бу ҳодиса тарихда «Рязан шакари» номи билан қолган ва у ҳақда ҳанузгача бир-бирига қарши гаплар юради.

alamy.com
Рязандаги ҳодиса
1999 йил 22 сентябр. Рязан шаҳридаги Новоселов кўчасида жойлашган 14-кўп қаватли уйда яшовчи Алексей Картофелников уй атрофида уч нафар шубҳали шахсни кўриб қолади.
Икки эркак ва бир аёл енгил машинадан шубҳали қопларни кўп қаватли уйнинг ертўласига олиб тушаётган эди. Машина рақамлари ёпиб қўйилгани учун унинг қайси ҳудудга тегишли эканини билиб бўлмасди.
Алексей дарҳол милицияга қўнғироқ қилади. 40 дақиқадан сўнг етиб келган милиция ходимлари ертўлага тушиб у ерда номаълум модда солинган учта қоп топади. Бунгача шубҳали шахслар у ердан кетиб бўлганди.
Милиция ходимлари шубҳали қоплар ҳақида дарҳол бўлимга хабар беради. Кўп ўтмай ҳодиса жойини вилоят ИИБ ходимлари ўраб олади. Кўп қаватли уйда яшовчилар дарҳол эвакуация қилинади.
Қопдаги нарса текшириб кўрилганда у портловчи модда – гексоген экани аниқланади. Бундан ташқари, қопдаги модда орасидан пейжер кўринишидаги электрон соат, учта қувватлантириш батареяси ва уларга уланган симлар топилади.

Портловчи модда орасидаги ускуна тонгги соат 5:30 да ишлаб кетишга белгиланган, чақнаш йўли билан ускунани ҳаракатга келтириш учун овчилар фойдаланадиган 12-калибрли патрон қўйилган экан.
Текширувлар шуни англатадики, кимлардир Рязандаги 14-кўп қаватли уйни портлатишни мақсад қилган ва бу иш Алексей Картофелниковнинг ҳушёрлиги туфайли амалга ошмай қолади.
Қоплардаги портловчи моддамиди ёки шакар?
Ертўладаги қоплар эрталаб Фуқаро мудофааси ҳовлисига олиб борилади. Сўнг унинг намуналари Ички ишлар вазирлиги эксперт-криминалистика маркази ва ФХХ лабораториясига юборилади.
Ҳодиса юзасидан ФХХнинг Рязан вилояти бошқармаси томонидан Россия жиноят кодексининг 205-моддаси (Суиқасд ва терроризм) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
23 сентябр куни Россияда фаолият олиб бораётган бир қатор давлат ва хусусий телеканаллар ҳамда радиоларда Рязандаги ҳодиса ҳақида гапирилади.

openmedia.io
Жумладан, ОРТ телеканалида берилган лавҳада шундай дейилади:
«Бугун тунда Рязан шаҳар Новоселов кўчасидаги турар жой массивларидан биридаги 12 қаватли бино аҳолиси шошилинч равишда эвакуация қилинди. Уй ертўласидан уч қоп модда топилди ва у текшириб кўрилганда гексоген экани аниқланган. Шунингдек, ҳодиса жойида вақти соат 5:30 га ўрнатилган портлатиш ускунаси ҳам чиққан. Шаҳар полицияси мутахассислари уй ертўласидан топилган моддаларни портлатиш синовини ўтказди. Аммо аралашма портламади. Ҳозир қопдаги моддалар экспертиза учун юборилган».
ОРТ телеканалининг жонли эфирида Рязан шаҳар Октябр тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Сергей Кабашов: «Бу портловчи моддами ёки бошқа нарсами, буни экспертиза кўрсатади», дейди.
23 сентябр куни «Вести» информацион дастурида ҳодиса ҳақида шундай хабар берилади:
«Шаҳар полициясининг портловчи моддалар бўйича мутахассислари дастлабки таҳлилларни ўтказди ва қопларда гексоген борлиги тасдиқланди. Ҳозир қоплар унинг ичидаги модда ҳақида аниқ хулоса олиш учун ФХХнинг Москва лабораториясига юборилди».

alamy.com
Ўша пайтда Россия бош вазири лавозимида бўлган Владимир Путин Ростов шаҳрида сафарда эди. 23 сентябр куни соат 17:00 атрофида у ҳодиса ҳақида шундай дейди:
«Рязандаги воқеаларга келсак. Менимча, бу қандайдир ҳазил эмас. Агар портловчи моддалар солинган бу қопларни сезиб қолишган бўлса – бу аҳолининг бугунги кунда мамлакатда рўй бераётган воқеаларга тўғри муносабатда бўлаётгани ва ҳушёрлиги аломати ҳисобланади. Мен сизнинг саволингиздан фойдаланиб, бунинг учун мамлакат аҳолисига миннатдорчилик билдираман. Ўлганларни қутқара олмаганимиз учун одамлардан қарздормиз. Сўнгги ҳодиса бўйича одамларнинг муносабатларини кузатяпмиз ва бу учун улардан миннатдормиз. Бу муносабатлар жуда тўғри. Ваҳима йўқ, бандитларга юмшоқлик йўқ. Бу улар билан охиригача, ғалабагача курашиш кайфиятидир. Биз буни, албатта, амалга оширамиз».
23 сентябр куни кечга бориб Рязанда топилган портловчи моддалар ҳақидаги гаплар ўзгара бошлайди. Жумладан, соат 19:35 да НТВ телеканалида эфирга берилган «Кун қаҳрамони» кўрсатувида ФХХнинг жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Александр Зданович меҳмон бўлади.
Унинг таъкидлашича, дастлабки хулосаларга кўра, Рязанда топилган сумкаларда портловчи модда ва ускуна бўлмаган. Фақат «портловчи модданинг айрим элементлари» топилган.

риа.ру
Шунингдек, НТВ телекомпаниясида берилган лавҳада экспертиза чоғида шубҳали қоплардан портловчи моддалар топилмагани айтилади.
Рязанда топилган шубҳали қоплар бўйича энг қизиқ гап 24 сенябр куни Россия ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши кураш бўйича ўтказилган йиғилишда айтилади.
Унда сўзга чиққан Россия ички ишлар вазири Владимир Рушайло жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш масалаларида гапириб, Рязандаги ҳодиса ҳақида шундай дейди:
«Ижобий ўзгаришлар бор. Кеча Рязандаги турар жой биноси портлатилишининг олди олингани шундан далолат беради».
Рушайлонинг бу баёнотидан ярим соат ўтгач, ўша пайтда ФХХ директори лавозимида ишлаган Николай Патрушев Федерал хавфсизлик хизмати Рязанда терроризмга қарши машғулотлар ўтказгани ва қопларда ҳеч қандай портловчи модда бўлмаганини маълум қилади.

газета.ру
1999 йил 4 октябр куни «Новая газета – Понедельник» газетаси ФХХнинг Рязан шаҳар бўлими шубҳали машина ҳақида биринчи бўлиб полицияга хабар берган Алексей Картофелников ва сохта террорчиларнинг телефон қўнғироқлари ҳақида хабар берган шаҳар алоқа бўлими ходими Юхновани қимматбаҳо совғалар билан тақдирлагани ҳақида хабар беради.
Газетада Юхнованинг шундай сўзлари келтирилганди:
«Менда касбий бурч муҳим рол ўйнади. Шубҳали суҳбатни эшитиб қолдим. Улар Москвага қўнғироқ қилди: «Бирин-кетин чиқиб кетинглар, ҳамма жойда рейд бўляпти...» Мен дарҳол суҳбат ҳақида раҳбариятга хабар бердим, кейин нима бўлганини ўзингиз биласиз... Албатта, ўқув машқлари керак. Лекин бундай тарзда эмас. Одамлар билан юмшоқроқ ишлаш керак. Ҳали ҳам ҳамма стрессда ...»
ФХХ Рязандаги ҳодисага алоқадор эдими?
Рязанда топилган қоплардаги модда аввалига портловчи модда дейилади. Кейинчалик ФХХ ўқув машғулот ўтказгани ва қопларда оддий шакар бўлгани айтилади.
Шунингдек, Рушайлонинг баёноти ва бошқа кўплаб гап-сўзлар одамларда шубҳа туғдиради. Омма орасида ФХХ нафақат Рязандаги ишга, балки Бўйноқ, Москва ва Волгодонск шаҳарларидаги портлашларга ҳам алоқадор деган миш-мишлар тарқайди.
2000 йил кузида НТВ телеканалида намойиш этиладиган «Мустақил тергов» кўрсатувларидан бирида Рязандаги ўша уйнинг аҳолиси ва ФХХ ходимлари ўртасида мунозара бўлиб ўтади.

bolshoyforum.com
Кўп қаватли уйда яшовчилар номидан Алексей Картофелников ва бошқалар гапиради. ФХХ позициясини ўша пайтда ФХХнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимини бошқарган Александр Зданович, Александр Сергеев ва Станислав Воронов гапиришади.
Шунингдек, мунозарада ёзувчи Константин Преображенский, портловчи моддалар бўйича эксперт Рафаел Гилманов, профессор Александр Портнов, ҳуқуқшунос Павел Астахов ва бошқалар иштирок этади.
Кейинчалик, кўрсатув бошловчиси Николай Николаев ФХХ вакилларининг «далиллари»ни жуда заиф деб атайди ва улар кўп қаватли уйда яшовчиларни сўзларига ишонтира олмаганини таъкидлайди. Бу гапдан сўнг Николаев ФХХ томонидан доимий кузатув остига олинади ва бошловчи бир муддат хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлади.
ФХХнинг терактларга алоқадорлиги версиясини қўллаб-қувватловчилар Рязанда шубҳали қопларни кўп қаватли уйнинг ертўласига жойлаган шахсларнинг қўлга олинишини мисол тариқасида келтиради.
Уларга кўра, Рязан вилояти ИИБ ходимлари томонидан шубҳали қопларни кўп қаватли уй ертўласига жойлаган икки эркак ва бир аёл кўп ўтмай қўлга олинади.
Дастлабки суриштирувдаёқ улар ФХХнинг бош идорасида ишлаши аниқ бўлади ва Москвадан уларни озод қилиш талаб этилади. Милиция уларни қўйиб юборади.

yaplakal.com
2002 йилда россиялик таниқли журналист Рустам Орифжонов «Совершенно секретно» газетасида Рязан ҳодисаси ҳақида батафсил мақола чоп этади. Унда милиция томонидан ҳибсга олинганлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ бошқа қизиқарли маълумотлар бор.
Ушбу мақолага кўра, уч нафар ФХХ зобити Рязандаги кўп қаватли уйга портловчи модда солинган қопларни жойлаштиргандан сўнг орадан бир кун ўтиб, 1999 йил 23 сентябрда Москвага қўнғироқ қилади.
Сўнг улар ФХХ бош идорасининг кўрсатмаси билан белгиланган жойга зудлик билан этиб бориш тўғрисида кўрсатма олади ва Рязанни турли йўллар орқали, бошқа-бошқа вақтларда тарк этади. Шаҳар алоқа бўлими ходими Юхнова уларнинг телефондаги суҳбатини эшитиб қолиб, «тегишли жой»га хабар берганди.
24 сентябр куни Патрушев томонидан «Рязанда ўқув-машғулоти ўтказилгани» ҳақидаги баёнот «Рязан операцияси»га бошчилик қилган гуруҳ командири томонидан ФХХ бош идорасига берилган ҳисоботдан кейин гапирилган.

alamy.com
2002 йилда Россиялик таниқли миллиардер Борис Березовский томонидан молиялаштирилган Либерал Россия партияси ташаббуси билан 1999 йилда Россияда кўп қаватли уйларда содир бўлган портлашлар ва Рязан шаҳридаги ҳодисани тафтиш қилиш комиссияси тузилади. Унга Дума депутати Сергей Ковалёв раҳбарлик қилади.
Комиссия йиғилишларидан бири ҳақида ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар маркази шундай дейди: «Биз шубҳали одамларнинг реклама кампаниясида қатнашиш ниятимиз йўқ, улар билан тортишувларга киришмоқчи ҳам эмасмиз».
Портлашлар ва Рязандаги ҳодиса ҳақида муқобил версиялар
Кўпгина тадқиқотчилар ва журналистлар узоқ йиллардан буён (ҳодисага 25 йил бўлди) расмий тергов натижалари билан рози эмас ва портлашлар ФХХ томонидан ташкил этилган деган версияни қўллаб-қувватламоқда.
1999 йил 4-16 сентябр кунлари Россияда турар жой биноларида содир бўлган портлашлар ҳақидаги муқобил назариялар воқеаларнинг расмий версиясидан кескин фарқ қилади.
Расмий версияга кўра, уйларнинг портлашларини чеченларнинг «Кавказ» ўқув марказининг ноқонуний қуролли гуруҳи раҳбарлари уюштирган. Ҳаттоб ва Абу Умар ва улар томонидан ёлланган Шимолий Кавказ жангарилари гуруҳлари томонидан амалга оширилган.

rt.com
Энг кенг тарқалган версияга кўра, 1999 йил сентябр ойида турар жой биноларидаги портлашлар Россия расмийлари, шу жумладан ФХХ томонидан уюштирилган.
Ушбу версия тарафдорлари портлашлар амалдаги ҳокимият учун фойдали бўлган ва аксинча, жангарилар учун умуман фойда келтирмаган деб ҳисоблашади.
Таъкидланишича, айнан портлашлардан кейин Владимир Путин ўз рейтингини оширишга ва натижада 2000 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.
Бу версияни илгари сурадиганлар Россия нега бу ишни қилганига иккита омилни келтиради. Биринчиси, айнан шу портлашлар туфайли ФХХ Россия сиёсий ҳаётидаги ролини кучайтириб олган.
Иккинчи омил, Россиянинг Иккинчи чечен урушини бошлаши учун оқловлар. Яъни «мана, чечен террорчилари Россияда аҳолини тинч яшашга қўймаяпти, биз уларга қарши чора кўришга мажбурмиз», қабилида.
Портлашларни ФХХнинг ўзи уюштирган деган версиялар аввалига анча ишончсиздай туюлади. Бироқ 2001 йилда тарихчи Юрий Фелштинский ва собиқ ФХХ зобити Александр Литвиненко томонидан «ФХХ Россияни портлатмоқда» деган китоб эълон қилингач шубҳалар янада кенгроқ тарқалди.

alamy.com
Маълумот учун, Александр Литвиненко 1998 йил декабрда ФХХдан ишдан бўшатилгач, 2000 йилда Британиядан сиёсий бошпана олган ва Лондонга кўчиб ўтганди. Кейинчалик 2006 йилда уни Лондонда плутоний билан заҳарлаб ўлдиришади. Британия полицияси собиқ ФХХ ходимининг ўлимида Россия томонини айблаб чиққанди.
Тарихчи ва Литвиненко ҳамкорликда ёзган китоб илк марта «Новая газета» газетасининг махсус сонида чоп этилади. Китобда Литвиненко мутлақо махфий ҳисобланган жуда кўп маълумотларни ошкор қилган.
Литвиненкога кўра, портлашларга чечен террорчиларининг ҳам алоқаси бор. Бироқ операциялар ФХХнинг йўл-йўриғи бўйича давом эттирилган. Яъни террорчилар ФХХга хизмат қиладиган ҳаммаслакларининг кўрсатмалари билан ишлаган.
Портлашларга ФХХ алоқадор дейдиганларнинг яна бир «далили» – чечен террорчиларининг бирорта гуруҳи портлашларга алоқаси борлигини тан олмаган.
2003 йилда ФХХнинг яна бир собиқ ходими Михаил Трепашкин Рязандаги уй ертўласига гексоген моддасини жойлаштирган шахсларнинг фотороботлари алмаштириб қўйилганини айтиб чиқди.
Трепашкин фотороботдаги шахслардан бирини таниганини, у ФХХ ходими Владимир Романович эканини, кейинроқ эса Романовичнинг фотороботи бошқа сурат билан алмаштириб қўйилганини айтганди.

Россия ва ФХХнинг айбловларга муносабати
Москва мэри Юрий Лужков биринчилардан бўлиб портлашларга ФХХнинг алоқадорлигини ёлғон деб чиққанди. У портлаш оқибатларини бартараф этиш бўйича ўтказилган таҳлилларда актив иштирок этганини ва уларда «чеченлар изи» борлигини айтганди:
«Ушбу терактларнинг моҳияти маълум. Ўша пайтда ФХХда мавжуд бўлган тезкор маълумотларга кўра, уларни амалга оширган шахсларнинг шахси аниқланган. Бу, албатта, Чеченистон».
Лужковнинг фикрича, Бўйноқ, Москва ва Волгодонскда содир бўлган портлашларда ҳокимиятнинг иштироки ҳақидаги назария «сиёсат майдонига қайтишни мақсад қилган» Борис Березовский томонидан ўйлаб топилган.
Шунингдек, россиялик яна бир таниқли сиёсатчи Анатолий Чубайс Березовский томонидан айтилган «портлашларга ФХХ ва Россия ҳукуматининг иштироки» ҳақидаги гапларга қўшилмаслигини маълум қилган.

rbc.ru
ФХХнинг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Андрей Ларюшин ФХХ портлашлар ҳақидаги саволларга бир неча марта жавоб берганини, ФХХнинг сайтига кириб портлашлар бўйича ўтказилган суриштирувлар ҳақида маълумотларни кўриш мумкинлигини айтган.
У Березовский омма эътиборини ўз партиясига қаратиш ва унинг обрўсини ошириш учун портлашларни Россия ҳукумати ва ФХХга боғлаганини қўшимча қилган.
Москва, Бўйноқ ва Волгодонскдаги портлашларга ҳамда Рязанда содир бўлган ҳодисага 25 йил бўлди. Бироқ улар атрофидаги баҳслар ҳамон тингани йўқ. Ҳанузгача ўша фожиалар ҳақида турли фикрлар айтилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Ер қарида улкан олтин захиралари борлиги аниқланди
Жаҳон | 00:12
-
Малта июн ойида Фаластин мустақиллигини тан олади
Жаҳон | 23:20 / 25.05.2025
-
SpaceX компанияси Starship кемаси портлашига нима сабаб бўлганини эълон қилди
Жаҳон | 22:35 / 25.05.2025
-
АҚШ Федерал захира тизими собиқ ходими Хитой фойдасига жосуслик қилганликда айбланмоқда
Жаҳон | 21:46 / 25.05.2025
Мавзуга оид

08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди

17:02 / 12.05.2025
Россияда хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ўзгаради

14:54 / 12.05.2025
Россия ТИВ: Аввал Истанбулдаги музокаралар, кейин - сулҳ мавзуси

13:00 / 12.05.2025