Ўзбекистон | 14:24 / 17.09.2024
3383
10 дақиқада ўқилади

Сиёсий партиялар дастурлари - турли мафкуралар ва янги ғоялар рақобати

Ўз сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш сайлов кампанияси давомида сиёсий партиялар фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Пухта ишланган сайловолди дастури ва прагматик сиёсий платформасига эга бўлмаган сиёсий партия ёки унинг номзодлари сайловларда аҳолининг қўллаб-қувватлашига эриша олмайди.

Шу нуқтаи назардан, жорий йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишга қарор қилган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари кўпчиликда қизиқиш уйғотиши тушунарли ҳолдир.

Мазкур сайловолди дастурларининг мафкуравий ва ғоявий мазмуни, мақсад ва вазифаларининг қиёсий таҳлили уларнинг умумий аҳамиятга эга муштарак жиҳатларини, шунингдек, ҳар бир партиянинг ўзига хос мафкуравий-ғоявий қарашларини ажратиб кўрсатиш имконини беради.

Сиёсий партиялар томонидан эълон қилинган сайловолди дастурларининг мафкуравий асосида либерал демократик ғоялар (Ўзбекистон либерал-демократик партияси -ЎзЛиДеП), консерватив ғоялар (“Миллий тикланиш” демократик партияси), социал-демократик ғоялар (Халқ демократик ва “Адолат” социал-демократик партияси) ҳамда экологизм (Экология партияси) мафкураларининг устуворлигини кўриш мумкин.

Либерал-демократик ва консерватив ғоялар

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг (ЎзЛиДеП) сайловолди дастурида мамлакатни қудратли, эркин ва фаровон давлатга айлантириш ғояси марказий ўрин тутади. Партия иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусий сектор улушини ошириш ва бозор тамойилларини жорий қилишни устувор ҳисоблайди. Бу борадаги ислоҳотлар давом этиши ЎзЛиДеПнинг стратегик режасида баён қилинган.

“Миллий тикланиш” демократик партияси миллий маданият ва қадриятларни ҳимоя қилиш, миллий тарбияни юксалтириш, давлат тили ва миллий ахборот маконини ривожлантиришга урғу беради. Партия жамиятни миллий қадриятлар асосида ривожлантиришни мақсад қилиб, ўзга маданиятларга муросасиз ёндашади.

Ҳар икки партия ўнг ғояларга таянган ҳолда бир қатор ўхшашликларга эга бўлса-да, “Миллий тикланиш” миллий маънавиятни, ЎзЛиДеП эса иқтисодий ислоҳотларни устувор қўяди.

Иқтисодий ислоҳотлар ва турмуш фаровонлигини ошириш ғоялари

Иқтисодий ҳаётни юксак ривожланган даражада ташкил этиш масаласига партиялар марказий нуқта сифатида қарашган. Барча партияларда ислоҳотларни чуқурлаштириш, янги ўсиш нуқталарини кўзлашда ўхшашликлар мавжуд. Ўз навбатида, партияларнинг иқтисодий қарашларида конструктив рақобатга, баҳсларга, турли талқинларга сабаб бўладиган ўзига хос таклифлар мавжуд.

Масалан, Либерал-демократик партиянинг иқтисодий стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатга мослиги, белгиланган вазифаларни амалга ошириш имкониятлари аниқ ҳисоблангани билан бошқа партиялардан фарқ қилади. ЎзЛиДеП иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини камайтиришга хамда содда ва адолатли солиқ сиёсати учун ҳаракат қилса, Халқ демократик партиясининг иқтисодий мафкураси сўл ғояларга таянади. ХДП ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантириш, турли соҳалар қаторида давлатнинг ижтимоий соҳани тартибга солувчи ролини кучайтириш, нархлар бўйича қатъий назорат ўрнатиш, давлат иштирокидаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари (колхоз ва совхозларга ўхшаш) фаолиятини йўлга қўйиш сингари вазифаларни муҳим, деб ҳисоблайди. Албатта, бу ғоялар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, балки жамиятимизнинг бир қисмида, айниқса, катта ёшдаги аҳоли орасида шундай кайфиятлар мавжуд. Партиянинг бундай ғоялари айнан ўша ижтимоий қатламнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда илгари сурилган.

Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётган ҳозирги шароитда бундай ғоялар хусусий мулкдорлар, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва бизнес вакиллари манфаатларига зид бўлиши аниқ. Лекин айрим тоифа сайловчилар учун жозибадорлигини йўқотмаган бундай қарашларни ХДП ўз сайловолди дастурида ҳисобга олишга ҳаракат қилган.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам иқтисодий масалаларга сўл қараш нуқтаи-назаридан ёндошганини кўриш мумкин. Партия яратилган даромадни адолатли тақсимлаш, турли соҳаларда давлат назоратини кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Партиянинг истироҳат боғлари, сайилгоҳларни хусусийлаштиришни таъқиқлаш, ноқулай ва самарасиз ерларни ишсиз одамларга бўлиб бериш орқали яшил ўрмонзорлар барпо этиш сингари таклифлари кўпчиликка маъқул келиши аниқ. Лекин бундай ўзига хос, жозибадор вазифалар орқали партиянинг асосий мафкуравий мақсадларига эришиш мумкинми? Албатта, сайловолди дастуридан жой олган ҳар бир мақсад, ҳар бир таклиф ва ғоялар, аввало, шу нуқтаи назардан баҳоланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Ижтимоий давлат мафкураси

Кейинги йилларда ижтимоий давлат мафкураси мамлакатимиздаги барча сиёсий партияларнинг дастурий ҳужжатларида, шунингдек, унинг амалий ҳаракатларида муҳим ўрин эгалламоқда. Бунинг асосий сабаби мамлакатимизда ижтимоий давлат ғояларига устувор йўналиш сифатида қаралаётгани билан изоҳланади. Бу аҳоли томонидан ҳам маъқулланаётгани кузатилмоқда. Чунки давлатимизда инсон манфаатлари ва қадр-қиммати учун олиб борилаётган ижтимоий сиёсат ижтимоий бирликни ва яхлитликни таъминлаб, турли жабҳаларни жадал ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу ҳолат ижтимоий қарашлар, фикрлар ва концепцияларнинг сиёсий партиялар дастурларида тизимлашишига олиб келди. Бугунги кунда сиёсий партияларнинг ижтимоий давлатчилик йўналишида таклиф этилаётган мафкура ва ғоялари таҳлили натижасида қуйидаги тенденцияларни аниқлаш мумкин:

Социал-демократик ғоялар - бу йўналишдаги мафкура ва ғоялар “Адолат” социал-демократик партияси ва Халқ демократик партияси дастурларида нисбатан яққол ўз ифодасини топган. Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси мамлакат сиёсат майдонида ўзининг мақсад ва вазифалари, мафкуравий қарашлари билан “сўл марказ партияси” сифатида жой эгаллайди.

Партия социал-демократик мафкуранинг устуни сифатида мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, ҳар бир жабҳада ижтимоий адолатни қарор топтириш, “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” ғоясини изчиллик билан жорий этиш таклифини илгари суради.

“Адолат” социал-демократик партияси дастурида сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ мустақиллигини таъминлаш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб боришни муҳим вазифа, деб билади. Журналист ва блогерларнинг қонун доирасидаги фаолиятига бирон-бир мансабдор шахс аралашиши ёки уларга босим ўтказишига мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги ғояларини илгари сурар экан, бундай қилмиш учун жавобгарлик белгилашни таклиф этган.

Партия дастурида сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу йўналишдаги вазифалар бошқа партиялар дастурларидагидан кўра яққолроқ ифодаси топган.

Шунингдек, партия томонидан ташқи сиёсатда парламентлараро ҳамкорлик ва партиявий дипломатия имкониятларидан унумли фойдаланиш, илғор хорижий давлатларнинг социал-демократик йўналишдаги сиёсий партиялари билан фаол ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш лозимлиги таъкидланган.

Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари - Ўзбекистон Халқ демократик партияси, аввало, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий адолат тамойилларини юзага чиқариш орқали “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини ва давлатнинг тегишли ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланган мафкурани илгари суради.

Партия ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш ғояларини тарғиб қилади.

Шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги фаол иштироки, ижтимоий неъматларнинг тенг тақсимоти, ишлаб чиқаришда умумий мулк устуворлигини таъминлашдан иборат ғояларини илгари суради. Шундан келиб чиқиб, ХДП “сўл партия” сифатида яққол намоён бўлади.

Халқ демократик партиясининг давлат бошқаруви соҳасидаги ғояларида ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш устувор эканлиги кўринади.

Шу билан бир қаторда, ушбу партия фаолиятида ҳам кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, ахолини турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаларини яратиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш сингари йўналишларга катта эътибор қаратилган.

Партия қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш асосида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш қонун утуворлигини янада мустахкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш ғояларини илгари сурган. Бу борада кейинги йилларда партия томонидан илгари сурилаётган таклифлар, яъни судловда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий этиш, қимматбаҳо мулк учун солиқ (ҳашамат солиғи) солиш сингари таклифлар катта қизиқиш билан кутиб олинаётгани баробарида аҳолининг турли гуруҳларида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши аниқ.

Экологизм мафкураси ва ғоялари - атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил иқтисодиёт"га ўтиш масалалари барча партияларнинг дастурларида муҳим ўрин эгаллаган. Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси алоҳида ажралиб туради. Унинг мақсади барқарор ривожланиш, қулай атроф-муҳит ва келажак авлод учун хавфсиз жамият яратишдир. Партия ўз дастурида иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартириш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда экологик мониторинг ўтказиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини икки баравар ошириш каби йирик ташаббусларни илгари суради.

Шу билан бирга, экологик хавфсизлик масалалари Ўзбекистон Либерал-демократик партияси дастурида ҳам муҳим ўрин тутади. Икки партия ўртасида экологик масалалар бўйича ҳамкорлик учун замин бор. "Миллий тикланиш" партияси эса миллий қадриятларни муҳофаза қилиш ва юксалтиришга асосланган ғоялари билан фарқланади.

Сайфиддин Жўраев,
Сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Мавзуга оид