Ўзбекистон | 16:00 / 17.09.2024
4838
5 дақиқада ўқилади

Хавфлардан огоҳлантириш ва миграцияни тартибга солиш – Ўзбекистон ва Туркия нималарга келишди?

Туркия ташқи ва ички ишлар вазирлари ҳамда разведка идораси раҳбарининг Тошкентга ташрифи вақтида ўзаро ҳамкорликни институционаллаштириш борасида келишувга эришилди. Сиёсатшунос Фазлиддин Мадиевга кўра, бу икки давлат ўртасида керакли маълумотларни алмашишда бюрократияни камайтиришни, турли хавфлардан бир-бирини огоҳ қилишни назарда тутади.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари янги босқичга кўтарилганини кўриш мумкин. Олий даражадаги учрашувлар кўпайгани, савдо-иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар, алоқалар яхшилангани эътироф этилмоқда.

Айни пайтда икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида муносабатларни институционаллаштириш, очиқ қолаётган ҳуқуқий масалаларни тартибга солиш устида ишламоқда. 12 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар, ички ишлар вазирлари ҳамда хавфсизлик хизмати раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар айни шу масалаларга бағишланди.

Kun.uz бу учрашув атрофидаги саволлар билан сиёсатшунос Фазлиддин Мадиевга мурожаат қилди. Мутахассис қарийб 10 йил давомида Истанбул ва Анқара шаҳарларида таълим олган, айни вақтда Туркия пойтахтидаги Ҳожи Байрам Валий университетининг халқаро муносабатлар йўналишида докторлик ишини ёқламоқда.

Учрашув бўйича очиқланган тафсилотлар унчалик кўп эмас, лекин айрим муҳим калит сўзлар бор. Масалан, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни институционаллаштириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди. “Ҳамкорликни институционаллаштириш” – буни жамоатчиликка қандай қилиб соддароқ тушунтириш мумкин?

– Давлатлар ўртасидаги разведка маълумотлари доим ҳам очиқланавермайди. Хавфсизлик соҳасидаги энг яқин ҳамкорликка мисол – АҚШ ва Исроил. Биламизки, Туркия 100 йил давомида сиёсий жиҳатдан Ўзбекистондан узоқда бўлди. Бу албатта тарихий вазият натижасида вужудга келди. Аммо бугунги давр туркий давлатлар интеграциясини талаб қилмоқда. Бу учрашувни ҳам шу жараёнга қадам деб айтиш мумкин. Яъни иккала давлатлар ҳам ўзаро разведка маълумотларида, маълум чизиқларда ахборот хавфсизлиги маълумотларида ёрдам бериши ва киберхавфсизлик, терроризмга қарши кураш масалаларида ҳам бир-бирига ахборот алмашинувида ёрдам беришни англатади. Чунки Туркия бу борада катта тажрибага эга мамлакат.

Бу учрашувдан мақсад ҳам – икки давлат ўртасидаги маълумот алмашинувида бюрократияни камайтириш. Турли хавфлардан бир-бирини огоҳ қилиш назарда тутилган. Ўзбекистонда кўп маълумотлар очиқланмайди. Махсус ходимлар Туркиядаги статистикаларни ўрганиб чиқиб бундай йўл тутиш борасидаги фикрга келган бўлишлари мумкин.

Учрашувда тилга олинган масалалар қаторида “терроризм ва экстремизм”, “тартибсиз миграция” ёки “контрабандага қарши биргаликда курашиш” каби атамалар бор. Тартибсиз (ёки нотўғри) миграция тушунчасини қандай тушуниш мумкин?

– Туркия толерант давлат сифатида жуда кўп қочоқларни қабул қилган. Аммо кейинги вақтларда миграция масаласидан Туркиянинг ички сиёсатида турли муаммолар келтириб чиқариш учун фойдаланишга ўтилди. Туркияда Жанубий Корея ёки Қатар давлатларида бўлгани каби мигрантларни қабул қилиш бўйича махсус лойиҳалар қилинмаган. Кейинги пайтларда бу Туркия учун сиёсий муаммоларга айланмоқда.

Туркияга турли давлатлардан қатновлар кучайган, ҳатто Афғонистондан келаётганлар сони ҳам ошмоқда. Бу эса нотўғри миграцияни кучайтирмоқда. Натижада Туркия идоралари бу билан кўпроқ шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

Тартибсиз миграцияга қарши кураш сиёсий мақсадларга аралашиб кетмайдими, сизнингча? Масалан, ҳукуматлар ўзига маъқул келмаган ҳар қандай одамни қайтариши, ушлаб келиниши ҳолатларига йўл очилиши мумкинми?

– Бу давлатлар орасидаги энг нозик жиҳатлардан бири ҳисобланади. Кейинги пайтларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муаммолардан бири шу. Бу ерда сиёсий доиралар эмас, чегарадаги ходимларнинг ҳаракатлари ҳам муҳим рол ўйнайди.

Охирги вақтларда бир қатор давлатлар, хусусан Ўзбекистон фуқароларининг Туркия аэропортларидан қайтариб юборилиши ҳолатлари кўпайди. Агар икки давлат ўртасида бу ҳолат доимий давом этса, давлатлар ўзаро ҳисоботлар орқали бунга изоҳ бериши керак. Аммо бу ҳар доим ҳам содир бўлмаяпти. Шундай ҳолатлар бўлганки, Туркияда ўқиётган талабаларнинг ота-оналари фарзандлари ҳолидан хабар олишга боришганида ҳам улар махсус ходимлар томонидан Ўзбекистонга қайтариб юборилган. Бу маълумотларга Туркия ҳукумати изоҳ ҳам бермайди. Агар сабабсиз қайтариб юборишлар ходимнинг хатоси билан бўлса ҳам бунга қандай жазо қўлланган ёки очиқ қолганми бу ҳақида ҳам ҳеч қандай изоҳлар берилмайди. Бунга сабаб сўнгги пайтларда Туркиядаги турли сиёсий бўлинишлар ва хавфсизлик борасидаги муаммоларнинг ортгани бўлиши мумкин.

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видеода танишиб чиқишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид