Жаҳон | 22:00 / 18.09.2024
2844
2 дақиқада ўқилади

Финландия ва Эстония Болтиқ денгизида Россия флотини блоклаш режасини тайёрламоқда

Финландия ва Эстония ҳарбий қўмондонлиги «экстремал вазиятда» Россия флотининг Болтиқ денгизидаги ҳаракатини тақиқлашга оид режани ишлаб чиқиш ниятида.

Фото: Alexander Grebenkov

Финландия ва Эстония ҳарбий қўмондонлиги «экстремал вазиятда» Россия флотининг Болтиқ денгизидаги ҳаракатини тақиқлашга оид режани ишлаб чиқиш ниятида. Бу ҳақда Эстония Мудофаа кучлари қўмондони генерал-майор Андрус Мерило маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «денгиз мудофааси — Финландия ва Эстония кейинчалик ҳам ўз ҳамкорлигини давом эттирадиган йўналиш». Томонлар душманнинг Болтиқ денгизидаги ҳаракатини тўлиқ тақиқлайдиган аниқ режаларни ишлаб чиқишга тайёр.

Мерилонинг таъкидлашича, ҳарбий нуқтаи назаридан буни амалга ошириш мумкин. Финландия кўрфази қандай вазиятда Россия учун ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, қўмондон бу хавфсизлик вазиятига боғлиқ бўлишини айтди. «Ўзимизни ҳимоялаш учун буни амалга оширишга тайёрмиз», — дейди Мерило.

Май ойида Эстония Мудофаа кучларининг ўша вақтдаги қўмондони Мартин Херем Болтиқ денгизини Россия учун блоклашни таклиф қилганди. Унинг сўзларига кўра, Эстонияда ушбу мақсадга эришиш учун денгиз миналари ва кемаларга қарши ракеталар мавжуд.

Ўтган йилнинг октябр ойида Латвия президенти Эдгар Ринкевич агарда Москванинг Balticconnector газ қувурига етказилган шикастга алоқадорлиги аниқланса, Россия кемаларининг Болтиқ денгизига ўтиш қисми ёпилиши мумкинлигини маълум қилганди. Унинг айтишича, ушбу масала НАТОга аъзо икки давлат —Финландия ва Эстония ҳукуматлари ўртасида муҳокама қилинган. Аммо кейинроқ Хитой газ қувури ҳамда Швеция ва Эстония ўртасидаги телекоммуникация кабелига ўз кемаси шикаст етказганини тан олганди.

НАТО Россияга қарши урушда Болтиқ денгизидан фойдаланиш ниятида экани ҳақида май ойида алянснинг Европадаги Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони адмирал Жеймс Ставридис таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, Швеция ва Финландиянинг НАТОга қўшилиши Болтиқ денгизини деярли алянснинг ички «кўлига» айлантирган.

Мавзуга оид