Ўзбекистон | 18:40 / 18.09.2024
2344
2 дақиқада ўқилади

Урганч давлат университети томонидан ўтказилган тендерда қонунбузилиши аниқланди

Оқибатда тендерда бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг иштирок этиши чекланган.

Фото: Kun.uz

Урганч давлат университети томонидан давлат хусусий шерикчилиги асосида 7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши бўйича бошланғич нархи 29,7 млрд сўм бўлган тендер савдосини ўтказишда қонунбузилиши ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қайд қилинишича, университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига юборилган анкетада «7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши» объектини соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифаси II тоифа қилиб белгиланган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, 9 қаватгача бўлган Олий таълим муассасалари III тоифа сифатида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозим эди.

Урганч давлат университети томонидан объектни II тоифа қилиб белгилаш оқибатида тендерда бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг иштирок этиши чекланган.

Таъкидланишича, Урганч давлат университетига нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан тегишли суд органига маълумотлар юборилган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Мавзуга оид