“Суд ўтгунча, ғўза қуриб қолади” — Хоразмда фермер ва ҲЭТК ўртасидаги низо ҳосилга таҳдид солмоқда
Ҳазорасп туманида электр таъминоти корхонаси ва фермер хўжалиги ўртасидаги низоли вазият салкам 50 гектар пахтанинг нобуд бўлишига олиб келмоқда: ҲЭТК хўжаликни қарздорликда айблаяпти, фермер эса ўзи бехабар қарздорлик учун бўйнига катта миқдорда пеня осилганини айтмоқда. Тортишувнинг охири кўринмаётган бу пайтда, далаларда сувсиз қолган ғўза кўсак тўкиб, нобуд бўлиш арафасида.

Фото: Kun.uz
Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги “Улуғбек” фермер хўжалиги ва электр таъминоти корхонаси ўртасида қарздорлик масаласида низоли вазият юзага келган. Kun.uz'га мурожаат қилган фермер юзага келган бу ҳолатдан 47 гектар экин майдонидаги ғўза зарар кўраётганини маълум қилди.
Фермернинг экин далалари насослар билан сув ичади. Электрдан узиб қўйилгани учун фермер ғўзасини суғора олмаяпти.
Фермер хўжалиги иш юритувчиси Раҳматжон Ибодуллаевга кўра, қарздорлик бўйича уларни бехабар қилмаган ҳолда суд ҳам ўтказилган.
“1994 йилдан буён фаолият юритамиз. Бунақаси ҳали бўлмаган эди. Электр таъминоти корхонаси ходимлари доим электрдан қарздорлигимизни айтарди ва биз ўша суммани тўлаб қўярдик, суриштирмасдик ҳам рақамлар тўғри-нотўғрилигини. Жорий йилнинг июн ойи ўртасида электр энергиясини узиб кетишди. “Электросет”га бордим, 63 млн сўмдан ортиқроқ қарзим борлигини айтишди. 2023 йилнинг октябр ойида суд ҳам қилиб қўйишган экан, бундан бехабар қолибмиз. Нима ҳам дердим, ишни давом этишим керак – бориб 71 млн 469 минг сўм тўлаб келдим.
Электрни улашди, аммо 47 гектар пахтани суғориб-суғормасимдан яна узиб қўйишди. Электр таъминоти корхонасига борсам, 34,5 млн сўм пеня ҳам борлигини айтишди. Шунинг учун ўчиришибди. Яъни, бизга билдирилмасдан суд қилиняпмиз, биз билмаган қарздорлик учун яна пенясини ҳам тўлашимиз керак”, дейди Раҳматжон Ибодуллаев.
Шундан кейин фермер туман прокурори ва ҳокимга оғзаки мурожаат қилган. Электр энергиясини улаб беришган. Лекин уч кундан кейин яна ўчиришган. Сўнгра фермер юқори ташкилотларга қарздорликни кечиктириб туришни сўраб мурожаат ёзган.
“Электр таъминоти корхонасига чақиришди ва тушунтириш хати ёзиб беришимни сўрашди. Лекин мен ёзган тушунтириш хати уларни қониқтирмади, хатда ўз миннатдорчилигимни билдиришим керак экан. Мен ёзмадим. Бир соатдан кейин электрни яна узиб қўйишди. Кейин бизга мурожаатингиз ижобий ҳал қилинди, деган маънода хат келди. Ҳолбуки, электрдан ҳамон узилганмиз. Пахта эса кўсак ташлашда давом этяпти”, дея таъкидлайди хўжалик иш юритувчиси.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм вилояти филиали раҳбари бу ҳолатни изоҳлар экан, фермерни юзага келган қарздорликни тўламаслик учун турли идораларга “ёзиб” юрганликда айблади. Унга кўра, фермер ҳали қарздорликни тўлиқ қопламаган. Шу сабабли, хўжалик электр тармоғидан узиб қўйилган.
Таҳририятга маҳаллий электр таъминоти корхонаси томонидан 97 млн 632 минг сўм қарздорликни тасдиқловчи акт-сверка ҳам тақдим этилди. Аммо унда на фермер хўжаликнинг муҳри, на фермернинг имзоси бор.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги тегишли қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хомашёси ва ғалла етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши назарда тутилган.
Қарор билан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланган. Ушбу низомда истеъмолчиларнинг пахта хомашёси ва ғалла етиштиришда насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергиясининг қийматини қоплаш тартиби ва белгиланган талаблар келтириб ўтилган.
Давлат томонидан шунча имкониятлар тақдим этилаётган бир пайтда электр таъминоти корхонасининг ҳосилни кўтаришга яқин турган фермерга нисбатан бундай ҳаракати бироз тушунарсиз ҳолат.
Фермер электр энергияси қарздорлигидан юзага келган пеняни шу топда тўлолмай турибди. Шу сабаб уни электр энергияси тармоғидан узишган. Аммо пахта ҳосили сувсизликдан нобуд бўлса, вазият янада чигаллашади. Бу эса икки томоннинг ҳам манфаатига зид. Агар пахта пишиб, ҳосил териб олинишига имкон берилса “бўри ҳам тўяди, қўйлар ҳам омон қолади”.
Шокир Шарипов,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Апрелда қанақа об-ҳаво кутиляпти?
Ўзбекистон | 12:09
АҚШда Исроилни танқид қилган турк талаба қўлга олинди
Жаҳон | 22:36 / 27.03.2025
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
Мавзуга оид

12:46
Газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши 1 майгача кечиктирилди

11:51
Газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилинганда 2 ой эски тарифлар амал қилади

20:39 / 26.03.2025
Президент табиий газ ва электрни иқтисод қилиш бўйича қўшимча топшириқлар берди

18:32 / 26.03.2025