Фронтдаги вазият: Курск областида томонлар навбатма навбат қарши ҳужумга ўтмоқда
Донбассда эса украинларнинг бир неча «қалъаси» қулашга яқин. Қаердаги инқироз чуқурроқ?
РФ қуролли кучлари ва Украина қуролли кучлари Курск областида бир-бирининг позицияларига ҳужум қилишда давом этмоқда. Россиянинг Суджадан ғарбдаги ҳудудлар томон юриши секинлаб қолди, бунга август ойида РФ ҳудудида плацдарм ташкил этган ва кейинроқ захиралар билан кучайтирилган украин бригадалари янада ғарброқда — Глушково райони маркази яқинида чегарани кесиб ўтгани сабаб бўлди. Лекин ҳозирча украинларнинг қарши зарбасига чуқурлик ва кучлар етарли бўлмаяпти. Жанг тақдири армиялардан қайси бири рақибининг иккинчи мудофаа чизиғини биринчи бўлиб ёриб ўтишига (умуман, бунга муваффақ бўлинса) боғлиқ бўлади. РФ қуролли кучлари муваффақиятга яқинроқ — улар аллақачон муҳим аҳамиятга эга Любимовка қишлоғини штурм қилмоқда. Унинг бой берилиши Украина қуролли кучларининг Суджадан ғарбдаги ҳудудлардаги гуруҳи таъминотини кескин ёмонлаштиради.
Курск области
Россия қарши ҳужумининг асосий зарбаси йўналиши аниқ бўлгач (Коренево ва Глушководан шарққа, Суджа томонга), Украина қуролли кучлари бу ҳолат учун олдиндан тайёрлаб қўйилгани кўриниб турган режани ишга туширди. Аниқроқ айтганда — РФ қуролли кучларининг юриш қилаётган гуруҳи қанотига чегара орқали зарба йўллади.
Икки бор зарба берилди — Глушково райони марказидан жанубда ва жануби-шарқда. Украина қуролли кучлари чегара орқали рақиб мудофаасига фақат бир неча километр кириб бора олди — Россия захиралари уларни Веселое қишлоғи яқинида тўхтатди.
Катта эҳтимол билан, бу захира кучлар Россиянинг Снагост дарёси бўйидаги Николаево-Дарино, Дарино ва Любимовка қишлоқлари устига юришида иштирок этиши керак эди. РФ қуролли кучлари қарши ҳужум бошида бу аҳоли яшаш манзилларига яқинлашиб келган, аммо уларни қайтариб ололмаганди. Россия қўшини учун яна бир эҳтимолий муаммо — қишлоқлар РФ қуролли кучлари қарши ҳужуми бошланган позициялардан узоқда (15 километр атрофида) жойлашганидир. Ҳужум бошланган нуқтада (олдинги фронт чизиғидан бир неча километр ичкарида) Россия артиллерияси ва дрон операторлари позициялари жойлашган, улар учун Любимовка етиб бўлмайдиган масофа ҳисобланади.
Россия қўмондонлиги сюрприз тайёрлаган бўлиши ҳам мумкин — Любимовкага «рўпарадан» ҳужум қилмасдан, чегара орқали Суджа — Суми трассасининг (бу Украина қуролли кучларининг Курск областидаги гуруҳи учун асосий таъминот йўли ҳисобланади) Украинанинг Суми областидан ўтган қисмига зарба бериш орқали. РФ қуролли кучлари бундай зарба беришда чегара яқинида плацдарм вазифасини ўтайдиган ҳудудни эгаллаган. Ва бундай хавф туғилгани Украина қуролли кучлари қўмондонлигини ўз кучларини чегара ҳимоясига ажратишга ҳам мажбур қилиши керак.
Россия қўшини Суджадан шарқда ва жануби-шарқда ҳам локал юришлар амалга оширмоқда. Улар Украина бўлинмаларидан Псел дарёси бўйидаги Борки қишлоғини қайтариб олган. Ушбу ҳудудда юриш қилиш қийин, аммо бу юриш муваффақиятли давом эттириладиган бўлса, РФ қуролли кучлари Суджа — Суми трассасига шарқдан яқинлашиб келади.
Покровск фронти ва Вуҳледар
Россия қўшини Украина қуролли кучларини Донбасс жанубидан сиқиб чиқаришга қаратилган кенг кўламли амалиётни давом эттирмоқда. Август ойида Покровск шаҳри томон юришни тўхтатиб, улар асосий эътиборни жанубга ҳужум қилишга қаратди. Сентябр бошида РФ қуролли кучлари Селидове шаҳрини шарқдан айланиб ўтиб, Курахово (Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубидаги асосий логистик маркази)га бир неча томондан юриш бошлади.
Сентябр ойи ўрталарида Россия гуруҳининг асосий кучлари Селидове ва Курахово оралиғидаги Украинск шаҳрини эгаллади. 21 сентябр куни, Украинадаги манбалар хабар беришича, улар ғарб томон илгарилашда давом этган. Эҳтимолий мақсад — Курахово сув омборининг ғарбий чеккасига чиқиш.
Шу билан бир вақтда Россия қўшини жанубдан — Красноҳоривка ва Марйинка томондан ҳам Кураховога яқинлашишга уринмоқда.
Шу билан бирга, РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучларининг Вуҳледардаги муҳим истеҳкомини ўраб олишга ҳаракат қилмоқда. Шаҳар аллақачон жануб, шарқ ва шимолдан ўраб олинган. Россия бўлинмалари яқинда эгалланган Пречистовка қишлоғи орқали Вуҳледар гуруҳининг ортига чиқиш учун олдинга юрмоқда. Украина қуролли кучлари тез орада қуршов хавфи остида Вуҳледарни тарк этиши эҳтимоли юқори. Шунда РФ қуролли кучлари Кураховога жанубдан ҳам ҳужум қилиши, шунингдек Украинанинг Донбасс жанубидаги бошқа бир «қалъаси» — Велика Новосилка посёлкасига ҳам яқин бориши мумкин бўлади.
Часив Яр ва Торецк
Бир неча ойлик жанглардан кейин Россия қўшини Торецк шаҳри марказига кирган. Украина қуролли кучлари Торецк агломерациясига захира кучлар ташлаганди, аммо ҳозирча РФ қуролли кучларининг шаҳар ичкариси томон ҳаракатини тўхтатиб бўлмаяпти.
Россия қўшини шарқдан — Клешчиевка томондан тезлик билан яқинлашиб келиши Торецк мудофааси учун навбатдаги муаммо бўлиши мумкин. РФ қуролли кучлари Клешчиевкадан ғарбда Северский Донец — Донбасс каналини кесиб ўтган. Бунинг эвазига улар украин мудофаасига чуқур кириб кела олган.
Худди шу вақтда Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Торецкдан шимолроқда, Часив Ярда жойлашган кучли истеҳкомини четлаб ўтишга уринмоқда. Улар Северский Донец — Донбасс каналини шаҳардан шимолда ва шарқда бир неча нуқтадан кечиб ўтган.
Часив Ярнинг ўзига ҳужум қилишга Россиянинг бу йўналишдаги бўлинмаларининг кўп қисми Курск областига олиб ўтилгани факти имкон бермайди. Аммо Украина қуролли кучлари ҳам Часив Ярдаги қўшинларнинг бир қисмини Суджа ва Покровскка йўналтириб, шаҳар мудофаасини заифлаштирган.
Катта эҳтимол билан, Часив Яр учун ҳал қилувчи жанг РФ қуролли кучлари Торецкни эгаллаганидан кейингина бошланади. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари Торецкни ушлаб қолиши эҳтимоли тобора йўқолмоқда.
Мавзуга оид
17:58
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024