Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
Президент Володимир Зеленский бир неча ойдан бери Украина Қуролли кучлари ғарб қуроллари ёрдамида Россия ҳудудида зарбалар беришларига рухсат сўраб келади.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Франция президенти Эммануэл Макрoн АҚШ президенти Жо Байденни Украинага Storm Shadow ракеталари ёрдамида Россиядаги нишонларга ҳужум қилишига рухсат беришга кўндирмоқчи. Бу ҳақда The Telegraph газетаси ўзининг Британия ҳукуматидаги манбасига таяниб хабар берди.
«Кир Стармер ва Эммануэл Макрoн Доналд Трампнинг АҚШ Украинага кўрсатаётган ёрдамини қисқартириш ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун сўнгги бор уриниб кўриши кутилмоқда», — деб ёзади газета.
Буюк Британия ва Франция етакчилари ушбу мавзуни 11 ноябр куни Биринчи жаҳон уруши якунланган санага бағишлаб Парижда ўтказиладиган маросимда муҳокама қилади. Нашр маълумотларига кўра, расмий Лондон Байден «ва ниҳоят Киев бир неча ойдан бери уринаётган рухсатни беришига» умид қилмоқда.
Шунингдек, икки мамлакат етакчилари Доналд Трампнинг президент этиб сайланиши Яқин Шарқдаги урушга қандай таъсир кўрсатишини муҳокама қилади. Бундан ташқари, АҚШ ва Европа ўртасидаги эҳтимолий савдо уруши масаласига эътибор қаратилади.
Украина президенти Володимир Зеленский бир неча ойдан бери Украина Қуролли кучлари Ғарб қуроллари ёрдамида Россия ҳудудида зарбалар беришга рухсат сўрамоқда. Буюк Британия ва Франция Зеленскийни бу масалада қўллаб-қувватлаяпти, аммо АҚШ қаршилик қилмоқда. Вашингтон Россия бундай ҳужумларга жавобан Ғарбдаги ҳарбий базаларга зарба беришидан хавотирда.
«Агар Ғарб давлатлари Украинага 2025 йил 20 январгача — Доналд Трамп АҚШ президентлиги лавозимига киришгунга қадар Россия ҳудудига ҳужум қилишига рухсат берса, ушбу қарорни бекор қилиш қийин бўлади», — дейилади The Telegraph хабарида.