Эрон президенти: Биз Россиянинг Украинага тажовузини ҳеч қачон маъқулламаганмиз
Унинг сўзларига кўра, Эрон Россияга ракета етказиб бермаган ва Украинадаги уруш юзасидан Ғарб давлатлари билан музокаралар олиб бормоқчи.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ўз мамлакати Россияни баллистик ракеталар билан таъминлаётганини рад этди. У Эрон ҳеч қачон Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватламаганини айтди. Бу ҳақда Пизишкиён БМТ Бош Ассамблеясининг Ню-Йоркдаги сессиясида журналистларга маълум қилди, деб ёзди The Guardian.
Унинг сўзларига кўра, Эрон Украинадаги уруш юзасидан Ғарб давлатлари билан музокаралар олиб бормоқчи.
«Биз европаликлар ва америкаликлар билан мулоқот ва музокаралар олиб бориш учун музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз. Биз ҳеч қачон Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киришини маъқуллаганимиз йўқ», деди у.
16 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Пизишкиён Россияга ракета етказиб берилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, шундай деди: «Эҳтимол, илгари ҳам бундай таъминот бўлгандир. Лекин сизни ишонтириб айтаманки, мен лавозимга келганимдан бери Россияга бундай таъминот бўлмаган».
Пизишкиён Эрон президенти лавозимига 2024 йил 30 июлда киришган эди.
Сентябр ойи бошида The Wall Street Journal ва CNN Эрон Россияга қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни топширгани ҳақида хабар берган эди. Британиянинг The Times газетасининг ёзишича, Россия Эрондан 200 дан ортиқ баллистик ракета партиясини олган. Нашр келтирган Украина разведкаси маълумотларига кўра, булар Фатҳ-300 ракеталари бўлиб, учиш масофаси 110 километрга етади. Россия кемаси ракеталарни 4 сентябр куни Каспий денгизидаги портга етказган.
Кўп ўтмай АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб берганини эълон қилди. 10 сентябр куни у Россия Эрондан баллистик ракеталар юборилганини ва яқин ҳафталарда улардан Украинага зарба бериш учун фойдаланилиши мумкинлигини айтди. Унга кўра, ўнлаб россиялик ҳарбийлар Эронда Фатҳ-360 баллистик ракета тизимидан фойдаланиш бўйича ўқитилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Носир Канъоний сўзларига кўра, Теҳрон ҳар доим Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можарога чек қўйиш тарафдори бўлиб келган ва Эрон билан Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг «Украина инқирозига ҳеч қандай алоқаси йўқ».
Мавзуга оид
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00 / 11.11.2024
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024