Жаҳон | 13:10 / 24.09.2024
4613
2 дақиқада ўқилади

Германия супермаркетларида бананлар орасидан 95 кг кокаин топилди

Умумий қора бозор қиймати 7 миллион евродан ортиқ бўлган топилмалар Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерининг Мёнхенгладбах, Дуйсбург ва Крефелд шаҳарларида, шунингдек, Фирзен, Хайнсберг ва Нойс округларида топилган.

Фото: Polizei Mönchengladbach/dpa//picture alliance

Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида – Мёнхенгладбах, Дуйсбург ва Крефелд шаҳарларида, шунингдек, Фирзен, Хайнсберг ва Нойс округларида жойлашган озиқ-овқат дискаунтерининг ўн бир шохобчасида банан қутиларидан пакетларда жами 95 килограмм кокаин топилди. Бу ҳақда прокуратура ва Мёнхенгладбах полицияси 23 сентябр, душанба куни хабар берди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари қора бозорда топилган кокаин партияси қийматини 7 миллион евродан ортиқроққа баҳоламоқда. Маълум бўлишича, наркотик солинган пакетлар бўлган банан партияси Жанубий Америкадан келган. Полиция ва прокуратура бу партия нотўғри тарзда супермаркетлар тармоғига тушиб қолган, деб ҳисоблаяпти, унинг номи идоралар қўшма пресс-релизида келтирилмаган. Кокаин контрабандаси ҳолати юзасидан тергов давом этмоқда. Ҳозирда мавжуд маълумотларга кўра, банан партияси дастлаб денгиз орқали Антверпен портига етиб келган.

Кокаин дўкондан 10 сентябр куни топилган

Пресс-релизда айтилишича, полиция 10 сентябр куни Мёнхенгладбахдаги иккита дўконда мева қутиларида шубҳали пакетлар борлиги ҳақида хабар олган.

Германияда банан қутиларидан кокаин биринчи марта топилаётгани йўқ. Шунга ўхшаш ҳодиса 2015 йилда — супермаркетлар тармоғида ва худди шу федерал ерда, шунингдек, қўшни Қуйи Саксонияда содир бўлган. Гап битта чакана савдо тармоғи ҳақида кетяптими ёки бу сафар наркотик бошқа дўконлардан топилганми, ҳозирча номаълум. 

Мавзуга оид