Жамият | 19:10 / 24.09.2024
25880
1 дақиқада ўқилади

Тошкент марказида Tahoe’ни юқори тезликда ҳайдаган боксчи жаримага тортилди

Тошкент шаҳрида машинасида соатига 110 км/соат тезликда ҳаракатланган Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев 3 млн 60 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, юқори тезликда ҳаракатланган Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев жаримага тортилди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, тезликни белгиланган меъёрлардан ошириб ҳаракатланган Tahoe автомашинаси ҳайдовчиси билан профилактик суҳбат олиб борилди.

«Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳайдовчи 2001 йилда туғилган М.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 128 прим 3-моддаси 3-қисмига (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориш) мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб ҳайдовчи билан профилактик суҳбат олиб борилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, спортчи ўзининг Instagram саҳифасига тунда шаҳар марказида юқори тезликда ҳаракатланиб кетаётгани акс этган видеони жойлаштирганди. Мазкур видео тармоқларда тарқалгач, ўчириб ташланди.

Мавзуга оид