Ўзбекистон | 15:07 / 16.12.2025
1329
2 дақиқада ўқилади

Саноат хавфсизлиги қоидабузарликлари бўйича фуқаролардан фото-видео қабул қилиш йўлга қўйилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Хавфсиз саноат” ахборот тизими орқали хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги қоидабузарликлар ҳақидаги фото ва видеоматериалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда хабар берувчиларни рағбатлантириш механизми жорий этилади.

Сунъий интеллект чизган сурат

Вазирлар Маҳкамаси саноат хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қўшимча чора-тадбирларни белгилайди. Қарор лойиҳасига мувофиқ, хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмалардан фойдаланишдаги қоидабузарликлар тўғрисидаги хабарларни “Хавфсиз саноат” ахборот тизими орқали қабул қилиш тартиби йўлга қўйилади.

Янги механизм доирасида фуқаролар томонидан тақдим этилган фото ва видеоёзувлар ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади ва қоидабузарлик тасдиқланган тақдирда, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда расмийлаштирилади. Бунда фото ва видеоматериаллар Қўмитанинг давлат инспекторлари томонидан расмийлаштирилган материалларга тенглаштирилиши қайд этилди.

Шунингдек, қарорда хабар берган шахс тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмаслиги белгиланган.

Қоидабузарликлар бўйича ундириладиган жарималарнинг тақсимоти ҳам аниқ кўрсатилган:

— 20 фоизи давлат бюджетига;
— 80 фоизи Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига йўналтирилади.

Қарорга кўра, “Хавфсиз саноат” тизими орқали фото ва видеоматериал тақдим этган шахслар расмийлаштирилган маъмурий жаримадан жамғармага ундирилган сумманинг 20 фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, қўмита “Хавфсиз саноат” ва “Экотизим” ахборот тизимларини қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотларни қабул қилиш ва таҳлил қилиш имконияти билан мослаштириши, шунингдек Ички ишлар вазирлиги ва манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда 2026 йил 1 апрелга қадар электрон тизимларни интеграция қилиши белгиланди.

Мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланиши, аҳоли ўртасида қарор мазмун-моҳиятини кенг ёритиш ишлари эса ОАВ орқали ташкил этилиши кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид