Ўзбекистон | 15:30 / 03.10.2024
3776
2 дақиқада ўқилади

Шаржа Араб тили академияси ўзбекистонликлар учун грантлар ажратади

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Шаржа Амирлигидаги олий таълим муассасалари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Шаржа университети биринчи проректори Салаҳ Таҳир ал Ҳаж билан кечган суҳбатда Ўзбекистон олий таълим билим юртлари билан академик алоқаларини ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Салаҳ Таҳир ал Ҳаж Шаржа университети Ўзбекистон университетлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, муҳандис кадрларни тайёрлаш йўналишида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

"Муҳандислик факультети Шаржа университетидаги энг йирик коллеж бўлиб, унда тахминан 3400 нафар талаба бакалавриат ва магистратура дастурларида таҳсил олади. Унинг таркибида саноат муҳандислиги ва муҳандислик бошқаруви, электротехника, қурилиш ва атроф-муҳит муҳандислиги, архитектура, механика ва ядро муҳандислиги, барқарор ва қайта тикланадиган энергия муҳандислиги кафедралари мавжуд. Биз ушбу йўналишда Тошкент давлат техника университети билан академик алоқалар ўрнатишга тайёрмиз", деди у.

БАА томони, шунингдек, жорий йилнинг 7- 12 октябр кунлари Ўзбекистонга амалга оширилиши режалаштирилган сафар ҳақида маълумот берди. Сафар давомида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик университети фаолияти ва ушбу муассасада сақланаётган нодир қўлёзмалар билан яқиндан танишиш режалаштирилмоқда.  

Шаржа Амирлигидаги Араб тили академияси Бош директори Муҳаммад Софий ал Мустағонимий билан музокаралар чоғида мазкур академияда ўзбекистонлик талабалар ва ўқитувчилар учун қисқа муддатли ўқув курсларни ташкиллаштириш, мазкур академияда таҳсил олиш учун грантлар ажратиш, араб тилини ўрганувчилар учун соддалаштирилган ўқув дастур ва дарсликларни тақдим қилиш ва бошқалар тўғрисида келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид