Иқтисодиёт | 19:50 / 06.10.2024
11089
5 дақиқада ўқилади

Одамлар соғлиги ҳаммасидан муҳим: дунё АИ-80 бензинидан нега воз кечган?

Ўзбекистон яна камида уч йил экология ва одамлар саломатлигига зарарли АИ-80 бензинидан ҳамон фойдаланаётган саноқли давлатлар қаторида қоладиган бўлди. Ҳукумат бу бензиндан воз кечиш бўйича 2025 йилга мўлжаллаган режасини 2028 йилга кечиктирди.

Ўзбекистонда автомобил ёқилғисининг Евро-4 стандартидан паст турлари, хусусун АИ-80 бензинидан фойдаланиш 2028 йилдан бошлаб тўхтатилади. Бу – чанг бўронларига қарши курашиш ва ҳаво сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарорида назарда тутилган.

Қайд этиш лозим, жорий йил бошида ҳукумат Аи-80дан воз кечишни 2025 йилги мақсад деб эълон қилган эди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам 2025 йилдан бошлаб бу турдаги бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатишини билдирган эди. Эндиликда бу масала 2028 йилгача кечиктирилди. Расмийлар буни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун вақт кераклиги билан изоҳлади.

АИ-80 бензини Eвро-4 стандартидан паст бўлган ёнилғи ҳисобланади. Бу стандарт Европа Иттифоқида 2005 йилда жорий этилган. Умуман, Евроиттифоқ енгил автомобиллар учун Eвро-1 дан Eвро-7гача бўлган эмиссия стандартлари ишлаб чиққан бўлиб, бу орқали атмосфера ҳавосини тоза сақлаб қолиш учун автомобилларнинг заҳарли газини чеклаш мақсад қилинган. Европа Иттифоқи 2015 йилда Eвро-6 стандартини ҳам жорий этган, бир қатор ҳудудларга бу стандартга жавоб бермайдиган транспорт воситаларининг кириши тақиқланиб, қоидани бузган ҳайдовчиларга жарималар белгиланган.

АИ-80 саноқли мамлакатларда қолган

Ҳозир дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган деярли барча автомобиллар юқори октанли ёқилғида ишлашга мўлжалланган. АИ-80 каби паст октанли турлари ёниши натижасида кўп миқдорда углерод оксиди ва ёнмаган углеводородлар каби ифлослантирувчи моддалар ҳосил бўлади. Бу эса аҳоли саломатлигига зарарли. Қолаверса, транспорт чиқиндилари иқлим ўзгаришини ҳам тезлаштирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар экологик қоидаларни борган сари қаттиқлаштириб боряпти.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, 80 бензинни тақиқлашнинг ортга сурилиши экология учун ёмон. Бутун дунё амалиётида 80 бензини энг сифатсиз бензин ҳисобланади ва мамлакатлар буни тан олиб, муомаладан чиқариб бўлган.

“Бу турдаги бензинни биздан ташқари фақат Афғонистон ишлатади. Ҳайдовчилар ҳам яхши биладики, 80 бензини – моторнинг тез ишдан чиқишига сабаб бўладиган ёқилғи тури ҳисобланади. Бундан ташқари, у атмосферага PM2,5 магнит заррачаларини кўп чиқаради. Бензин ёқилғи ресурсининг 20 фоизи энергияга айланиб, машинанинг юриши учун хизмат қилса, 80 фоиз қисми атмосферага турли хил газ ва майда PM2,5 заррачаларини чиқариши тадқиқотларда исботланган.

Ундан ташқари, сифатсиз бензин алцгеймер касаллигига чалиниш эҳтимолини ошириши ҳам фанга маълум. Бу касаллик хотира сусайиши билан кечади, тиббиёт ҳали бу касалликнинг давосини топгани йўқ. Ҳаддан ташқари кўп автомобил ҳаракати ва сифатсиз бензин ёқилиши натижасида атмосферага чиқадиган заҳарли газлар хотира сусайишига олиб келиши мумкин экан”, – дейди Абдулаҳатов.

Мутахассис Экопартия ижроқўми раиси Абдушукур Жумаев берган маълумотларга таяниб айтишича, Тошкентда сутка давомида ўртача ҳисобда 700 мингта автомобил ҳаракатланади. Бу билан 3,5 минг тонна ёқилғи ресурси сарфланади. “Мана шу 3,5 минг тонна ёқилғи сарфлангандан кейин атмосферага 700 тонна заҳар чиқади”, – дейди у.

Сифатсиз бензин – саратон сабабларидан бири”

“Эколог” жамоат бирлашмаси раҳбари Наргис Қосимованинг сўзларига кўра, АИ-80 бензинидан воз кечиш аҳоли ўртасида саратон касаллиги кўпайишининг олдини олиши мумкин.

“Ўзбекистон онкологлар уюшмаси бош котиби Яҳё Зиёев айтганди: паст сифатли ёқилғидан воз кечиш Ўзбекистондаги онкологик вазиятни сезиларли даражада яхшилаши мумкин. Мутахассис, шунингдек, Ўзбекистонда АИ-72 ва АИ-76 тақиқланганида, ўн йил ичида ўпка саратони камайганини таъкидлаб, ўз сўзларини асослаб берган эди. Барча ривожланган давлатлар ушбу бензин маркасидан аллақачон воз кечган”, – дейди Наргис Қосимова.

Экология вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2,5 заррачаларининг 60-65 фоизи сифати Euro-4'дан пастроқ бўлган ёқилғи, яъни асосан АИ-80 бензинида юрадиган машиналар ҳиссасига тўғри келади. Буни вазир Азиз Абдуҳакимов шу йил январ ойида парламентдаги чиқишида айтиб ўтганди. У пойтахтда ҳаво ифлосланишининг 15-20 фоизи атрофдаги чўлли зоналарнинг таъсири, яна тахминан 20 фоиз эса кўмир ва мазут ёқилиши ҳамда саноат корхоналар билан боғлиқлигини маълум қилганди.

Экология вазирлигининг ҳисоб-китобларидан келиб чиқилса, ҳавони ифлослантирувчи кўплаб манбаларнинг жами зарарларини жамлаганда ҳам, биргина АИ-80 факторининг таъсирига тенг кела олмайди.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид