Жаҳон | 15:40 / 15.10.2024
2228
2 дақиқада ўқилади

Шолц: Умид қиламанки, барча Болқон давлатлари 2034 йилгача ЕИга киради

Албания, Босния ва Ҳерцеговина, Косово, Шимолий Македония, Сербия ва Черногория яқин 10 йил ичида Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкин, деди Олаф Шолц. Германия канцлери Ғарбий Болқонда умумий бозор яратилишини олқишлади.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Олаф Шолц 2034 йилгача Албания, Босния ва Ҳерцеговина, Косово, Шимолий Македония, Сербия ва Черногория Европа Иттифоқига қўшилишига умид қилмоқда. Германия канцлери 14 октябр, душанба куни Берлинда Ғарбий Болқон мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда: «Ўн йилдан камроқ вақт ичида бу олти давлат ниҳоят Европа Иттифоқига аъзо бўлади», деди.

Шунингдек, у Ғарбий Болқон мамлакатлари ўртасида умумий бозор яратиш режаси ишлаб чиқилишини олқишлади. Шолц минтақадаги кўплаб мамлакатлар бир-биридан кўра Германия билан кўпроқ савдо қилишини «бироз салбий ҳолат» деб атади. Германия канцлери Ғарбий Болқон давлатларини ўзаро савдо чекловларини босқичма-босқич олиб ташлашга чақирди.

У, айниқса, Косово ҳукумати ушбу режа доирасида Сербия билан чегара пунктларидан бирини савдо учун очишини таъкидлади. Германия канцлери Европа интеграциясини давом эттириш мақсадида Белград ва Приштина ўзаро келишмовчиликларни бартараф этиши кераклигини таъкидлади. Сербия ҳукумати Косовонинг 2008 йилда эълон қилинган мустақиллигини ҳанузгача тан олмаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид