Ўзбекистон | 13:40
775
2 дақиқада ўқилади

Малайзия жамғармаси Тошкент вилоятида туристик-рекреацион зонасини қуриши мумкин

Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти Малайзиянинг Khazanah Nasional Berhad суверен жамғармаси бош директори Амирул Фейсал билан учрашди.

Унда Khazanah Nasional жамғармаси билан Ўзбекистонда инвестиция жамғармаларини, электрон тижорат стартапларини, чакана савдо тармоқларини молиялаштиришда ҳамкорликни ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Khazanah Nasional ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамкорлигида инвестиция компаниясини ташкил этиш масаласи томонлар учун бирдек манфаатдор бўлиши таъкидланди.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия томонига ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ шартларини, томонлар учун мақбул сармоявий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш, ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш бўйича доимий мулоқот ўрнатиш таклифи билдирди.

Khazanah Nasional жамғармасининг йиллар давомида орттирган улкан тажрибаси ва салоҳиятини инобатга олиб, Малайзия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат хусусийлаштириш лойиҳаларида иштирок этиш, халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетларни харид қилиш имкониятлари мавжудлиги маълум қилинди.

Шунингдек, "Янги Тошкент" ҳудудида турар-жой мажмуаси, Тошкент вилоятида туристик-рекреацион зонасини, соғлиқни сақлаш масканини қуриш, Тошкент шаҳрида регенератив тиббиёт масканини барпо этиш бўйича лойиҳа таклифлари (тизерлар) жамғарма раҳбарига тақдим этилди.

Амирул Фейсал Марказий Осиё инвестиция бозорини имкониятларини юқори баҳолаб, келгусида ушбу минтақада, жумладан Ўзбекистонда лойиҳаларни тўғридан тўғри молиялаштиришда иштирок этиш имкониятларини ўрганиб чиқиши мумкинлигини маълум қилди.

Мавзуга оид