Жаҳон | 15:20 / 19.10.2024
2591
3 дақиқада ўқилади

РФга импорт қилувчилар сохта транзит ёрдамида санкцияларни четлаб ўтяпти 

Европа Иттифоқидан товарларни олиб киришда санкцияларни четлаб ўтиш учун россиялик импортёрлар ёлғон транзит схемасига мурожаат қиляпти, деб ёзади «Важные истории». Бу учинчи давлатлар орқали импорт қилишдан анча арзон.

Фото: DW/W. Jantschis

Сохта транзит схемаси туфайли 2023 йилда санкцияга киритилган 5 миллиард долларлик товарлар Европа Иттифоқидан тўғридан тўғри Россияга олиб кирилди. Бундай маълумотлар 17 октябр, пайшанба куни чоп этилган «Важные истории» суриштирувида келтирилган.

Бу товарлар Россияга қўшни Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига экспорт қилиш учун мўлжалланган, бироқ Россияда қолиб кетган – Европа Иттифоқидан уларга 14 миллиард доллардан ортиқ санкция остидаги юк жўнатилган, аммо бу мамлакатлар импорти маълумотларига кўра, уларгача 9 миллиард доллардан сал камроқ миқдорда товарлар етиб келди.

Германияда Россияга дастгоҳлар яширинча етказиб берилгани фош қилинди

Россияга қарши жорий этилган санкцияларга қарамай, бу мамлакатга ўқ-дорилар ёки транспорт воситалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган немис дастгоҳлари келишда давом этмоқда. Бу ҳақда Германиянинг SWR телекомпаниясининг 10 октябр куни божхона ҳужжатлари, шунингдек, фотосуратлар ва видеолар таҳлил қилинган суриштирувида айтилади.

2023 йилда Украинага қарши урушни давом эттираётган Россия санкцияларни четлаб ўтиб, немис ишлаб чиқарувчиларидан 300 дан ортиқ компютерда бошқариладиган автоматлаштирилган машиналарни олди, дея хабар беради журналистлар божхона ҳужжатларига таяниб. Бундай машиналар тўлиқ автоматик равишда, масалан, пўлатни кесиш, металл плиталарни эгиш ёки металл қисмларни пайвандлаш имконини беради. Материал муаллифларининг фикрига кўра, ушбу рақамли дастурий бошқарув машиналарисиз автомобиллар, самолётлар ва ўқ-дориларни ишлаб чиқаришни «деярли тасаввур қилиб бўлмайди».

Журналистлар Украина Иқтисодий хавфсизлик кенгашининг катта таҳлилчиси Елена Юрченконинг маълумотларига таяниб, Россиядаги рақамли дастурий бошқарув машиналарининг 80 фоизи ҳозирда ҳарбий ишлаб чиқариш учун ишлатилишини билдирди. «Рақамли дастурий бошқарув машиналари билан улар жуда тез ва аниқроқ ишлаб чиқаришлари мумкин, бу айниқса қурол саноатида жуда муҳим, бу уларга янада ҳалокатли қуролларни ишлаб чиқариш имконини беради. Германия эса бу дастгоҳларни ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади, унинг Россия бозоридаги улуш 30 фоизгача», — деди украиналик эксперт.

Мавзуга оид