Жаҳон | 20:49 / 29.10.2024
2213
1 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов яна Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари бўлиши мумкин

103 та мамлакат сайловда унинг номзодини қўллаб-қувватламоқда. Усмонов 2008-2022 йилларда ушбу федерацияга раҳбарлик қилган.

Фото: РИА Новости

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) раҳбарлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда FIE веб-сайтидаги ҳужжатлардан маълум бўлмоқда. 103 та миллий қиличбозлик федерациялари унинг қайта сайланишини қўллаб-қувватламоқда.

«Халқаро қиличбозлик федерацияси президентлигига номзодимни дунёнинг 100 дан ортиқ миллий федерациялари томонидан илгари сурилиши ва қўллаб-қувватланишини халқаро қиличбозлик бўйича ўтган 15 йил давомида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида баҳолайман. 103 та федерациянинг ҳар бирига, шунингдек, мени қўллаб-қувватлаган спорт раҳбарларига менга айтилган илиқ сўзлар учун раҳмат», деди Усмонов. Унинг сўзларини Матч ТВ келтирди.

Халқаро қиличбозлик федерацияси президентлиги сайлови 30 ноябр куни Тошкентдаги FIE Конгрессида бўлиб ўтади. Усмоновнинг рақиби швециялик Отто Дракенберг ҳисобланади.

71 ёшли Алишер Усмонов 2008 йилдан 2022 йилгача FIE раҳбари бўлган. Украинадаги уруш бошлангач, санкциялар ортидан ушбу лавозимни тарк этган.

Ҳозир федерацияга вақтинча грециялик Манолис Кациадакис раҳбарлик қилмоқда.

Мавзуга оид