Жаҳон | 08:40 / 29.10.2024
1212
3 дақиқада ўқилади

Литвадаги сайловлар ғолиби мудофаа харажатларини оширмоқчи

Литва янги ҳукумати мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 3,5 фоизигача оширишга интилади, деди Социал-демократик партия етакчиси Вилия Блинкявичюте. Сеймнинг янги таркибида ЛСДП 141 ўриндан 52 тасини олади.

Фото: Yauhen Yerchak/ZUMA/IMAGO

Литва янги ҳукумати мудофаа харажатларини ЯИМнинг камида 3,5 фоизигача оширишни мақсад қилган. Бу ҳақда 28 октябр, душанба куни парламент сайловларида ғалаба қозонган мухолифатдаги Литва социал-демократик партияси (ЛСДП) етакчиси Вилия Блинкявичюте маълум қилди.

Унинг эслатишича, бу айнан социал-демократлар сайловолди дастурига киритилган кўрсаткич. «Хавфсизлик ва мудофаа учун қанча пул керак бўлса, шунча маблағ ажратилади», деди Блинкявичюте журналистларга. У, шунингдек, ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ўз ҳукумати аввалги вазирлар маҳкамаси йўналишини давом эттиришига ваъда берди.

Литвадаги сайловларда социал-демократлар ғалаба қозонди

Литвада 27 октябр куни бўлиб ўтган парламент сайловларининг иккинчи босқичида мухолифатдаги Литва социал-демократик партияси (ЛСДП) Сеймда кўпчилик овозларни олди. Деярли барча овозларни санаб бўлгач, ЛСДП вақтинчалик парламентдаги 141 ўриндан 52 тасига ишониши мумкин. «Мен Литва аҳолисидан жуда миннатдорман, улар биз учун, социал-демократлар учун овоз берди. Сайлов натижалари шуни кўрсатдики, Литва аҳолиси ўзгаришларни хоҳлайди, уларга мутлақо бошқа ҳукумат керак», деди социал-демократлар партиясининг етакчиси Вилия Блинкявичюте.

Аввалроқ ЛСДП яна икки мухолиф партия – Литва демократик иттифоқи ва Литва «Деҳқонлар ва яшиллар иттифоқи» билан биргаликда ҳукмрон кўпчиликни ташкил этиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.

Бош вазир Ингрида Шимоните бошчилигидаги «Ватан иттифоқи – Литва христиан-демократлари» ҳукмрон консерватив партияси аввалроқ 28 мандат олган парламент сайловларининг иккинчи босқичида иккинчи ўринни эгаллади. «Ватан иттифоқи» етакчиси Габриэлюс Ландсбергис аллақачон ўз партияси мағлубиятини тан олган ва социал-демократларни ғалабаси билан табриклаган. Мамлакатда инфляция ошгани, давлат хизматлари ёмонлашгани, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут ошгани сабабли ўнг марказчи коалициянинг нуфузи пасайиб кетди. Социал-демократлар ўзларининг сайловолди кампанияси доирасида ички ва ижтимоий сиёсатдаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид