Ўзбекистон | 18:26 / 29.10.2024
813
2 дақиқада ўқилади

Юқумли касалликлар электрон мониторинги ишга туширилди

Санитария-эпидемиология соҳасининг бир нечта йўналишларида электрон рақамлаштириш тизими ташкил этилди.

Фото: Getty Images

Санитария-эпидемиология соҳасида Юқумли касалликлар электрон мониторинги (YKEM) ишга туширилди, бу аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида юқумли касалликларнинг эпидемиологик назоратини рақамлаштириш орқали такомиллаштириш имконини беради. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.

Қайд қилинишича, анъанавий ахборот алмашиниш тизими орқали маълумотларни йиғилиши, қайта ишланиши ва жавоб чораларининг жойларга кўрсатма орқали етказилиши 12 соатдан 48 соатгача вақтни эгаллайди. Юқумли касалликка чалинган бемор бу вақт ичида камида 2-3 нафар соғлом одам билан мулоқот қилади, оқибатда ушбу соғлом шахсларни касалликнинг яширин даври муддати давомида тиббий назоратга олиш ва карантин чораларини белгилашга зарурат туғилади. Юқумли касалликлар электрон мониторинги ахборотни тезкор ва сифатли етказилишини таъминлайди, бу эса юқумли ва ўта хавфли юқумли касалликларни ўз вақтида бартараф этиш ва тарқалиб кетишини олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Санэпидқўмитанинг вакцина сақлаш омборлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида вакциналар логистикасини бошқариш тизими таъминланиши, харид қилиш, тарқатиш ва қайта тақсимлашнинг соддалаштирилган тартиби яъни «Электрон вакцина логистикасини бошқариш тизими» ҳам ишга туширилди. Бунда вакциналарни вилоятларга юбориш, вилоятлардан туманларга, туманлардан эса даволаш-профилактика муассасаларига вакциналарни сифатли ва совуқлик занжирига риоя қилган ҳолда етказилишини кузатишга имкон беради.

Таъкидланишича, янги электрон рақамлаш тизимининг жорий этилиши натижасида инсон омили туфайли йўл қўйиладиган камчиликларни бартараф этиш, таҳлил қилиш эвазига тезкор қарши чоралар кўриш имконияти яратилади.

Мавзуга оид