Жаҳон | 23:44 / 31.10.2024
2265
4 дақиқада ўқилади

Республикачи Шварценеггер сайловда демократ Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлашини айтди

У Трампга овоз беришни истамаслигини маълум қилди ва унинг АҚШ муаммоларини фақат сайловолди музокаралари учун асос қилиб олганини, мамлакатни «дунёнинг ахлат қутиси» деб атаганини эслади.

Фото: AP

Америкалик актёр, Калифорния штатининг собиқ республикачи губернатори Арнолд Шварценеггер демократ номзод Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлади. У Трампга овоз беришни истамаслигини айтди ва унинг АҚШ муаммоларини фақат сайловолди музокаралари учун асос қилиб олганини, мамлакатни «дунёнинг ахлат қутиси» деб атаганини эслади. Шварценеггер собиқ президентни Капитолийга бостириб киргани учун ҳам танқид қилди.

«Сиёсат кейинги сайловда ғалаба қозониш учун рақиб билан ишлашни, уни ҳақорат қилмасликни талаб этади. <...> Ҳозир менга ҳеч қайси партия ёқмайди. Республикачилар эркин бозорнинг гўзаллигини унутдилар, камомадни оширдилар ва сайлов натижаларини рад этдилар. Демократлар камомадни бошқаришда яхшироқ эмас ва мен уларнинг маҳаллий сиёсати кўпроқ жиноятчиликни келтириб чиқариш орқали шаҳарларимизга зарар етказаётганидан хавотирдаман. Сиёсатни ҳар қачонгидан ҳам ёмон кўришим ажабланарли эмас ва агар сиз бу ахлатдан йироқ оддий одам бўлсангиз, эҳтимол буни тушунасиз», деди у.

Шварценеггер сўзларига кўра, Американи Трамп томонидан ахлат қутиси деб аталиши «ватанпарварлик эмас ва ўзини дарғазаб қилади».

«Мен бу сиёсатга эътибор бермасликни хоҳлардим, лекин бунинг иложи йўқ. Чунки сайлов натижаларини рад этиш — Америкага тўғри келмайди. Менга ўхшаган, бутун дунё бўйлаб одамлар билан мулоқотда бўлган ва шу туфайли Америка тепаликдаги порлоқ шаҳар эканини биладиган одам учун Американи дунёнинг «ахлат қутиси» деб аталиши ватанпарварлик эмас ва дарғазаб қилмоқда. Мен республикачи эмас, ҳамиша америкалик бўламан. Шунинг учун мен бу ҳафта Камала Ҳаррис ва Тим Уолзга овоз бераман», деди у.

Шварценеггер америкаликларнинг муаммолари сиёсатчилар томонидан ўз мақсадига эришиш йўлида фойдаланилаётганини таъкидлади.

«Биз ўнлаб йиллар давомида давлат қарзи ҳақида гапирамиз. Ўнлаб йиллар давомида биз чегараларимизни ҳимоя қиладиган ва муаммоли иммиграция тизимимизни тузатадиган кенг қамровли ислоҳот ҳақида гапирамиз. Аммо Вашингтон ҳеч нарса қилмаяпти. Муаммолар ўсишда давом этмоқда ва биз ҳаммамиз ғазабланамиз, чунки […] муаммолар сиёсатчиларга фойда келтиради, улар муаммолардан ўз мақсадлари йўлида, америкаликлар учун ҳаётни қандай яхшилаши ҳақида гапириш учун фойдаланадилар. Улар учун бу шунчаки ўйин, аммо юртдошларим учун бу ҳаёт. Биз ғазабланишимиз керак», деди у.

Шварценеггер республикачи номзод Трамп арамерикаликлар муаммоларини ечишга қодир эмаслигини таъкидлади.

«Аммо номзод сайловда ўзидан бошқаларга берилган овозларни ҳурмат қилмаса, ўз тарафдорларини Капитолийга бостириб кириш учун юборса ва буни диетик кола ичиб, кузатиб турса, солиқларни камайтиришдан бошқа сиёсатни амалга оширишга қодир эмаслигини кўрсатса, ваҳоланки, бу сиёсат фақат бойларга ёрдам берган бўлса, ўз фикрига қўшилмайдиган америкаликларни Хитой, Россия ва Шимолий Кореядан ҳам катта душман деб билса, бу номзод — муаммоларни ҳал қилолмайди», деди у.

Шварценеггер демократлар платформаси билан кўплаб фикрлари тўғри келмаса-да, сайловда айнан уларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Акс ҳолда бу бизни янада ғазаблантирадиган, бўлиб ташлайдиган ва нафратимизни оширадиган навбатдаги, беҳуда кетган 4 йил бўлади. Биз Америка тарихининг ушбу бобига эшикни ёпишимиз керак ва мен собиқ президент Трамп буни қилолмаслигини биламан. У одамларни бўлиб ташлайди, ҳақорат қилади, у бизни аввалгидан кўра ғайриамерикалик бўлишнинг янги усулларини топади ва биз кўпроқ ғазабдан бошқа ҳеч нарсани олмаймиз. Бу ўз овозимни барчангиз билан баҳам кўришим учун етарли сабабдир. Мен мамлакатнинг олдинга силжишини хоҳлайман ва гарчи демократларнинг платформаси билан кўплаб келишмовчиликларим бўлса-да, мен буни қилишнинг ягона йўли - Ҳаррис ва Уолз деб ҳисоблайман», деди у.

Мавзуга оид