Жаҳон | 22:11 / 29.10.2024
6291
3 дақиқада ўқилади

Зеленскийнинг «ғалаба режаси» баъзи тафсилотлари маълум бўлди – ОАВ

Украина раҳбари жуда узоқ масофага зарба берувчи «Томагавк» ракеталарини сўрагани, бу АҚШ учун имконсиз экани таъкидланмоқда.

Фото: The New York Times

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг «ғалаба режаси»даги махфий бандда Украинага «Томагавк» ракеталарини етказиб бериш бўйича сўров бор, деб ёзди The New York Times (NYT) юқори мартабали америкалик амалдорга таяниб.

Амалдор буни «мутлақо имконсиз» сўров деб атаган. «Томагавк» ракеталарининг масофаси (тахминан 2500 км) илгари Киевга тақдим этилган ATACMS ракеталари масофасидан деярли етти баравар катта. Шу билан бирга, Американинг юқори мартабали расмийларига кўра, Қўшма Штатлар Украинага фақат чекланган миқдордаги ATACMS тизимларини юборган.

Шунингдек, Киев Вашингтонга узоқ масофага учувчи қуроллар қандай қўлланилиши ҳақида ишончли асос келтира олмади, деди АҚШ расмийлари. Уларнинг таъкидлашича, Россия ичидаги нишонлар рўйхати АҚШ ва бошқа иттифоқчилар Украинага етказиб бериши мумкин бўлган ракеталар сонидан анча ошиб кетган.

The Economist манбасининг маълум қилишича, АҚШ бошқа жойларда жиддий хавф-хатарларга дучор бўлмасдан туриб, Киевга етказиб берадиган ҳеч нарсаси қолмаган. У Қўшма Штатлар Украинани таъминлаш учун етарлича қурол ишлаб чиқаришига ишончи комил эмас.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг 29 октябр куни департамент сайтида эълон қилинган ҳисоботига кўра, Украинага моддий ёрдам кўрсатилиши Америка мудофаа-саноат мажмуасида қатор муаммоларга олиб келган. Хусусан, гап ўқ-дори захираларини қайта тиклаш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш муаммолари ҳақида кетмоқда. Департаментнинг таъкидлашича, бу АҚШ қуролли кучларининг тезкор имкониятлари ва жанговар тайёргарлигини хавф остига қўяди.

NYT нашрига кўра, Зеленский бир неча ҳафта давомида Ғарб етакчиларини ўзининг «ғалаба режасини» қўллаб-қувватлашга ундаган, бироқ фақат «илиқ оғзаки ёрдам» олган. Шу тариқа, ҳеч бир давлат Украинага Киевга етказиб берилган узоқ масофали қуролларни Россия ичкарисига зарба йўллаш учун ишлатишга рухсат бермаган. Бундан ташқари, ҳеч ким Украинани НАТО аъзолигига ошкора таклиф қилмаган. Шунга асосланиб, NYT Зеленскийнинг АҚШ ва Европага сафарини «муваффақиятсиз» деб атади.

АҚШ президенти Жо Байден сентябр ойида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Россия ичкарисига чуқур зарба бериш учун узоқ масофага учувчи ракеталардан фойдаланишга рухсат этмагани Зеленскийни «ҳайратда қолдирди», деди тўрт нафар амалдор. Украина президенти маслаҳатчиси Дмитрий Литвиннинг айтишича, Украина узоқ масофали ракеталарни қўллаш нега зарурлигини бир неча бор тушунтириб, Вашингтонга барча тафсилотлар, мақсадлар рўйхати ва далилларни тақдим этган. «Афсуски, ишни давом эттириш бўйича ҳали ҳеч қандай сиёсий қарор йўқ», деди Литвин.

Мавзуга оид