Жаҳон | 23:01 / 06.11.2024
3278
2 дақиқада ўқилади

Қатар аҳолиси парламент сайловларидан воз кечишга овоз берди

Референдум иштирокчиларининг аксарияти мамлакат қонунчилик органининг 30 нафар аъзосини сайлаш тартибини амир фойдасига бекор қилишни қўллаб-қувватлади.

Фото: Karim Jaafar

Қатар аҳолиси амирга парламент функцияларига эга Маслаҳат кенгаши — Мажлис аш-Шўронинг барча депутатларини мустақил равишда тайинлаш ҳуқуқини қайтариш учун овоз берди. Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, референдум иштирокчиларининг 90 фоиздан ортиғи конституцияга тегишли ўзгартириш киритилишини ёқлаган.

Идоранинг қайд этишича, референдумда амирликнинг овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолисининг 84 фоизи иштирок этган. Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларга кўра, Мажлис аш-Шўронинг 45 нафар депутатининг барчаси амир томонидан тайинланади.

2021 йили Қатарда мамлакат тарихидаги биринчи парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Сайловчилар 233 номзоддан парламентнинг учдан бир қисмини, яъни 30 депутатни сайлаган эди.

Қатарда тарихан қонунчилик ҳокимияти амир томонидан амалга оширилган. 1972 йилда Маслаҳат кенгаши — Мажлис аш-Шўро таъсис этилган. Унинг 35 аъзоси амир томонидан 4 йилга тайинланган. Мамлакатнинг 2005 йилги конституциясига кўра, Мажлис аш-Шўро парламент сайловларидан кейин 45 депутатдан ташкил топган бир палатали парламентга айланиши керак. Унда 30 депутат овоз бериш йўли билан сайланади, қолган 15 депутат амир томонидан 4 йилга тайинланади.

Мамлакатда биринчи парламент сайловлари 2013 йилда ўтиши керак бўлган, бироқ Қатарнинг собиқ амири шайх Ҳамад бин Ҳалифа Ол Соний ўша йил июнда, тахтдан ўз ўғли фойдасига воз кечишдан олдин Маслаҳат кенгаши ваколатларини номаълум муддатга узайтирувчи фармонни қабул қилгани сабабли ўтказилмаган.

Мавзуга оид