Ўзбекистон | 21:50 / 09.05.2026
4050
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар "Qatar Airways"га ишга олинади

Жорий йил май–июн ойларида авиация соҳасида 65 нафар номзод танлаб олинади ва "Qatar Airways"да юқори маошли ишларга жойлаштирилади.

Фото: qatarairways.com

Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси масъуллари Доҳа шаҳрида миграцияга оид учрашувлар ўтказди.

Қатар меҳнат вазири Али бин Саид билан мулоқотда ушбу мамлакат меҳнат бозорида талаб юқори соҳаларни (тиббиёт, туризм, авиация, ахборот технологиялари) малакавий талабларини ўрганиш ва Ўзбекистонда мақсадли тайёрлов курсларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунларига кўра, Қатар Бандлик ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилиб, идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилади ҳамда тиббиёт ходимларини Қатар стандартлари асосида тайёрлаш бўйича махсус таълим дастури йўлга қўйилади.

Қатарнинг давлат бандлик ташкилоти раҳбари Абдулҳадий Баркан билан ўтказилган музокараларда Қатарда ишлаш истагидаги ёшлар учун 2026 йил сентябр ойида Тошкентда 50 дан ортиқ иш берувчилар иштирокида “Ўзбекистон — Қатар меҳнат форуми” ўтказилишига келишиб олинди.

Шунингдек, "Qatar Airways" вице-президенти Фатҳи Атти билан учрашув ўтказилди. Учрашув натижасига кўра, жорий йил май–июн ойларида авиация соҳасида 65 нафар номзод (борт кузатувчиси, муҳандис, аэропорт ходимлари) танлаб олишга ва "Qatar Airways"да юқори маошли ишларга жойлаштиришга, келгусида учувчилик, механика, электротехника ва муҳандислик соҳаларида 1 600 нафар олий маълумотли мутахассисни ишга жалб қилиш бўйича лойиҳани амалга оширишга келишилди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид