Жаҳон | 11:56
906
4 дақиқада ўқилади

ГФР мухолифати етакчиси Шолцга ишонч тўғрисидаги вотумни тезлаштиришни талаб қиляпти

ХДИ раҳбари Мерц Шолц билан учрашувда канцлерни сиёсий беқарорлик яратишда айблади ва ишонч масаласини яқин кунларда Бундестагда овозга қўйишга чақирди. Шолц январ ойида вотум ўтказишга интилмоқда.

Фото: Bernd von Jutrczenka/dpa/picture alliance

Германияда ҳукмрон ҳукумат коалицияси парчаланганидан кейин мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) раиси Фридрих Мерц канцлер Олаф Шолцга ишонч масаласини имкон қадар тезроқ Бундестаг овозига қўйишни талаб қилмоқда. Ўз навбатида, Шолц фавқулодда телемурожаат билан чиқиб, кеча ўзи айтган муддатларга риоя қилишни талаб қилмоқда, деб хабар берди dpa агентлиги 7 ноябр, пайшанба куни Бундестагдаги ХДИ/ХСИ мухолифат фракциясидаги манбага таяниб.

Ушбу маълумотларга кўра, Шолц ва Мерц ўртасидаги ўша кунги учрашув ярим соатдан кам давом этган ва натижасиз тугаган. ХДИ раҳбари канцлерга яқин ҳафталарда Бундестагдан ўтмоқчи бўлган қонун лойиҳаларини муҳокама этишни таклиф қилди, аммо январда эмас, балки яқин кунларда Бундестагда ишонч вотуми масаласини кўтариш шарти билан. Шолц бу таклифни рад этди, деб ёзади агентлик.

Мерц: боши берк кўчага кириб қолган вазиятни ойлаб чўзиб бўлмайди

Қисқа учрашув чоғида улар «Олаф Шолц Германияда юзага келтирган сиёсий беқарорликни» муҳокама қилишди, деди dpa суҳбатдоши. Мерц канцлерга ХДИ/ХСИ блокининг вазиятни бир неча ойга чўзиш мумкин эмаслиги, Германияга ички ва ташқи сиёсатда ҳаракат қила оладиган ҳукумат зарурлиги ҳақидаги позициясини етказди.

Аввалроқ Мерц 2025 йил январ ойининг иккинчи ярмида эрта сайловлар ўтказиш мумкин деб ҳисоблаганди, унинг Бундестагдаги консерватив фракцияси эса бир овоздан Шолцни ҳукуматга ишонч масаласини кейинги ҳафтанинг бошидан кечиктирмай овозга қўйишга чақирган эди.

Ҳукмрон коалицияни тарк этган Линднер тез сайловлар ўтказишга чақирди

Эркин демократик партия (ЭДП) раиси Кристиан Линднер эрта сайловлар ўтказишга чақирмоқда. Куни кеча Шолц уни молия вазири лавозимидан бўшатди, бу эса коалициянинг парчаланишига сабаб бўлди. «Мамлакатимиз учун тўғри бўлган нарса дарҳол ишонч вотуми ва янги сайловлар бўлади», деди у. Фуқароларга «ўз келажаги бўйича фундаментал қарорларни қабул қилиш имконияти берилиши керак», дея унинг сўзларини келтиради AFP.

Линднер Шолцнинг сайловларни фақат март ойида ўтказиш режасини давлат сиёсати нуқтайи назаридан «масъулиятсиз позиция» деб атади.

Германияда ҳукмрон коалиция парчаланди

Германияда Германия Социал-демократик партияси (ГСПД), Эркин демократик партия (ЭДП) ва «Иттифоқ-90/«яшиллар» партиясидан ташкил топган ҳукмрон «светофор коалицияси» парчаланди. Германия канцлери Олаф Шолц март ойида муддатидан олдин сайлов ўтказиш имкониятига эга бўлиш учун 15 январ куни Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласини овозга қўяди. Бу ҳақда 6 ноябр куни кечқурун Шолц маълум қилди.

Канцлер вице-канцлер Роберт Ҳабекнинг Германиянинг келажакдаги сиёсий йўналишига тезкорлик билан аниқлик киритиш зарур деган фикрга қўшилганини айтди. Рождествога қолган ҳафталар ичида Шолц Бундестагда тезкор қабул қилишни талаб этувчи, хусусан, саноатни фавқулодда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, пенсияларни барқарорлаштириш чораларини кўришни талаб қиладиган барча қонун лойиҳаларини овозга қўйиш ниятида.

Мавзуга оид