Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин ва ЕИ ГФР фуқаросининг Эронда қатл этилишига жавоб берилишини ваъда қилди
Германия ва Европа Иттифоқи Жамшид Шармаҳднинг Эронда қатл этилишини кескин қоралади ва жавоб чораларини кўриб чиқаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Германия ҳукумати ГФР фуқаролигига эга бўлган эронлик Жамшид Шармаҳднинг қатл этилиши муносабати билан Теҳронга норозилик билдирди. Эроннинг Берлиндаги муваққат ишлар вакили Германия ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. «Биз Эрон режимининг ҳаракатларига кескин норозилик билдирдик ва кейинги чора-тадбирларни қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоламиз», деб хабар берди Германия ташқи ишлар вазирлиги 29 октябр, сешанба куни X ижтимоий тармоғида.
Германиянинг Эрондаги элчиси Маркус Потцел ҳам Теҳроннинг хатти-ҳаракатларига «энг кучли тарзда норозилик билдирди», дейилади хабарда. Шундан сўнг Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Потцелни маслаҳатлашувлар учун Берлинга чақирди.
ЕИ ўлим жазосига «ҳар доим ва ҳар қандай шароитда» қарши
Европа комиссияси ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ҳам Жамшид Шармаҳднинг қатл этилишини қоралаб, Теҳронга оқибатлар билан таҳдид қилди.
«Европа Иттифоқи ҳар доим ва ҳар қандай шароитда ўлим жазосига қатъий қаршилик кўрсатади. Бу яшаш ҳуқуқини бузиш ва инсон қадр-қимматини тўлиқ рад этишдир», деб ёзган Боррел. У Европа Иттифоқи «қарши чораларни кўриб чиқаётганини» қўшимча қилди.
Европа комиссияси вакили журналистларга Эронга қарши «ҳар қандай чоралар» қўлланиши мумкинлигини ва улар «барча аъзо давлатлар билан муҳокама қилиниши кераклигини» айтди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи, ўз навбатида, Европа давлатларини иккиюзламачиликда айблади. «Ҳеч бир террорчи Эронда жазосиз қолмайди, гарчи у Германия томонидан қўллаб-қувватланса ҳам», деди у.
ГФР фуқаролигига эга эронлик Эрон расмийлари томонидан қатл этилди
Германия фуқаролигига эга бўлган эронлик Жамшид Шармаҳд ҳибсда қатл этилди. Бу ҳақда 28 октябр куни Эроннинг расмий адлия портали Misan хабар берди.
Қатл эрталаб содир бўлган, Эронда ўлим жазоси одатда осиш орқали ижро этилади, дея аниқлик киритди dpa агентлиги.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва айниқса, Шармахданинг АҚШда яшовчи қизи охиригача маҳкумни қутқариш учун курашди.
Мерц Эрон расмийларининг «даҳшатли жинояти» ҳақида гапирди
Мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқ (ХДИ/ХСИ) блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Эрон ҳукумати томонидан «ўта даҳшатли жиноят» содир этилганини эълон қилди.
«Эрон режими яна бир бор ўзининг ғайриинсоний характерини намойиш этди», — деди сиёсатчи. У Германия ҳукуматини воқеага «қатъий» жавоб беришга чақирди. «Эрон билан «сокин дипломатия» ёндашуви муваффақиятсизликка учради», деб қўшимча қилди Мерц.
Мавзуга оид
09:13 / 09.06.2026
«Биби, эҳтиёт бўл, акс ҳолда мутлақо ёлғиз қоласан» – Трампнинг чақириқлардан кейин Исроил ва Эрон тўхтади
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
10:45 / 08.06.2026
Трамп Эрон бўйича янги шартларни очиқлади
09:20 / 08.06.2026