Жаҳон | 16:58 / 11.11.2024
4889
2 дақиқада ўқилади

Дунёда бриллиантлар нархи арзонлашмоқда

Ёш авлод табиий олмосларни сотиб олишга камроқ қизиқиш билдириб, уларнинг ўрнига муқобил заргарлик буюмларини афзал кўраётгани нархларга таъсир кўрсатяпти.

Фото: AP

Дунё бозорида бриллиантлар нархи тез арзонлашмоқда. Бу ҳақда Американинг Rapaport компанияси ҳисоботида маълум қилинди.

Асосий сезиларли қулаш оғирлиги 1 қирот бўлган бриллиантлар сегментида қайд этилмоқда. Ноябр бошида уларнинг нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга, жорий йил бошидан бери эса 23 фоизга арзонлашган — бу 2015 йил январда қайд этилган энг паст кўрсаткичга тенг.

Кичик бриллиантлар нархи ҳам сезиларли даражада арзонлашган — ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга ва 2024 йил бошидан бери 28 фоизга. Бозорда ортиқча олмосларнинг кўпайиб кетгани нархларнинг пасайиши сабабларидан бири бўлмоқда. Шунингдек, ёш авлод табиий олмосларни сотиб олишга камроқ қизиқиш билдириб, уларнинг ўрнига муқобил заргарлик буюмларини афзал кўрмоқда.

Аввалроқ Жанубий Кореядаги Фундаментал фанлар институти олимлари сунъий олмосни бир неча дақиқада ўстиришга ёрдам берадиган техникани ишлаб чиққанди. Янги усул суюқ металларни аралаштиришга асосланган. Аралашма таркибига никел, галлий, темир ва кремний киради. Жараён, шунингдек, 1025 даража целсийгача кучли қиздиришни талаб қилади. Графит корпус ичидаги махсус вакуум тизими металларни метан ва водород аралашмаси таъсири орқали тез қиздириш ва совитиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, август охирларида Луcара Диамонд кончилик компанияси Ботсванадаги (Африка) Карове конида оғирлиги 2492 карат (498,4 грамм) бўлган олмос топилганини эълон қилган эди. Ҳали ўз номини олмаган қимматбаҳо тош шу пайтгача топилганлар орасида иккинчи ва ҳозир мавжуд бўлганлар орасида энг каттаси бўлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид