Ўзбекистон | 14:55
4062
3 дақиқада ўқилади

ДХХ раиси Ўзбекистондаги муҳим ахборот инфратузилмаларини тоифалашга доир буйруқ чиқарди

Тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра, муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари эгалари ҳар йили камида бир марта ушбу объектларни тоифалаши шарт. Ушбу маълумотлар МАИ объектлари реестрини юритиш учун Давлат хавфсизлик хизматига юборилади.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг «Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи имзоланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига эгалик қилувчи субъектлар ҳар йили камида бир марта ушбу объектларни тоифалаши шарт. Бунинг учун тегишли комиссия тузиш лозим.

Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалашнинг 3 та мезони белгиланмоқда.

Юқори даражадаги:

– киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли жуда кўп миқдорда зарар етиши, 20 дан ортиқ одамнинг соғлиғига зарар етиши, 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши ёки катта экин майдонига (1000 квадрат метрдан ортиқ) тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши мумкин бўлган объектлар;

– давлат сирларига оид маълумотлар айланмаси мавжуд бўлган, шунингдек ёқилғи-энергетика, атом энергетикаси, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва қўриқланадиган шахслар доимий ёки вақтинчалик турган жойлардаги объектлар.

Ўрта даражадаги:

– киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли кўп миқдорда зарар етиши, 10 дан ортиқ, бироқ 20 дан кўп бўлмаган одамнинг соғлиғига зарар етиши, 100 дан ортиқ, бироқ 500 дан кўп бўлмаган одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши, ўртача катталикдаги (250 квадрат метрдан 1000 квадрат метргача бўлган экин майдони) экин майдонига тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши ёки давлатнинг нуфузи ва обрўсига зарар етиши мумкин бўлган объектлар.

Паст даражадаги:

– юқори ва ўрта даражадаги муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига кирмайдиган объектлар.

Объектлар тўғрисидаги маълумотлар муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг реестрини юритиш учун Давлат хавфсизлик хизматига юборилади.

Буйруқ жорий йил 13 ноябрдан кучга кирди ҳамда 2029 йил 1 январга қадар амал қилади.

Муҳим ахборот инфратузилмаси нима?

Қонунчиликка кўра, муҳим ахборот инфратузилмаси – муҳим стратегик ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг, ахборот тизимлари ҳамда тармоқлар ва технологик жараёнлар ресурсларининг мажмуи ҳисобланади.

Муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари – давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатиш, мудофаа, давлат хавфсизлигини, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ёқилғи-энергетика мажмуи (атом энергетикаси), кимё, нефт-кимё тармоқлари, металлургия, сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, банк-молия тизими, транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, стратегик аҳамиятига эга бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида, ишлаб чиқариш соҳасида, шунингдек иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ва ижтимоий соҳада қўлланадиган ахборотлаштириш тизимлари.

 

Мавзуга оид