Россия армиясининг «Жануб» қўшинлар гуруҳи қўмондони лавозимидан четлатилди
Россиянинг «Жануб» қўшинлар гуруҳи қўмондони, генерал-полковник Геннадий Анашкин Северск йўналишидаги вазият туфайли ўз лавозимидан олинган. Бу ҳақда дастлаб ҳарбий мухбирлар ҳамда уруш тарафдори бўлган Z-каналлар муаллифлари ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатди, кейинроқ РБК нашрининг РФ мудофаа вазирлигидаги манбаси ушбу маълумотни тасдиқлаб, бу ўзгариш «режали ротация» доирасида амалга оширилганини маълум қилди.
Анашкин лавозимидан олингани ҳақида ҳарбий мухбир Юрий Котенок, ҳарбий блогер Кирилл Федоров, шунингдек, «Военный осведомитель» ва «Rybar» телеграм-каналлари биринчилардан бўлиб хабар тарқатганди.
Федоровнинг маълумотига кўра, истеъфо сабаби «дезинформация ва қўмондонликни чалғитиш» бўлган. Унинг қайд этишича, аввалроқ ҳам «аҳоли яшаш пунктлари фақат харитада эгалланган» ушбу йўналишда бригада командирлари ишдан олингани билан боғлиқ маълумотлар келганди. Котенок ҳам Анашкин ишдан олинишини «олий қўмондонликка ҳақиқий ҳолат бўйича ҳақиқатни етказишни истамаслик» билан изоҳлаган.
«Rybar» телеграм-канали муаллифи ёзишича, «Жануб» гуруҳи қўмондонлиги алмашиши чиндан ҳам Северск йўналишидаги муаммолар оқибати бўлган. У бир неча аҳоли яшаш пунктлари номини санаган — Белогоровка, Григоровка, Серебрянка, Золотаревка, Верхнекаменское, Виемка — булар «ёлғон ва беҳуда йўқотишлар синоними»га айлангани қайд этилган.
Россия мудофаа вазирлиги сўнгги вақтларда ўз ҳисоботларида мунтазам равишда «Жануб» қўшинлари гуруҳи «рақиб мудофааси ичкарисига ҳаракатланаётгани» ва «Rybar» келтирган аҳоли яшаш манзилларида ҳам Украина қуролли кучларига оғир зарбалар бераётгани ҳақида хабар қилганди.
Россия мудофаа вазирлиги Анашкин тайинлангани ҳақида ҳам, ишдан олингани ҳақида ҳам расман хабар бермаган.
Геннадий Анашкин Рязан 1993 йилда олий ҳаво-десант қўмондонлиги ўқув юртини тамомлаган, ҲДҚ қисмларида хизмат ўтаган, 2008 йилда Гуржистондаги ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки туфайли Россия Федерацияси қаҳрамони унвонини олган.
2024 йил баҳорига қадар Анашкин 8-гвардия умумқўшин армиясига қўмондонлик қилган. Кремл сайтида май ойида эълон қилинган хабардан у 2024 йил май ойида Жанубий ҳарбий округ қўмондони вазифасини бажарувчи этиб тайинланганини билиш мумкин. Бунгача ушбу лавозимни генерал-полковник Сергей Кузовлев эгаллаб турганди, кейинроқ у Москва ҳарбий округи қўшинлари қўмондонига айланган.
Мавзуга оид
19:21 / 24.11.2024
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06 / 24.11.2024
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
14:22 / 24.11.2024
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35 / 24.11.2024