Жаҳон | 22:33 / 07.12.2024
6959
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Дания пойтахти сув остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Копенгаген университети профессорига кўра, мамлакат пойтахтида сув босиш хавфининг олдини олиш учун ботқоқликларни қуритиш самарали ечим ҳисобланади.

Фото: phys.org

Данияда тадқиқотчилар денгиз сатҳнинг кўтарилиши оқибатида мамлакат пойтахти Копенгагеннинг сув остида қолиш хавфини камайтириш йўлини ўрганмоқда.

Қайд этилишича, қироллик пойтахтининг пастликда жойлашган ҳудудлари сув остида қолиши мумкин. Бунга денгиз сатҳининг кўтарилиши, ерости сувлари ва давомли ёғингарчиликлар сабаб бўлади. Сув босишининг олдини олиш учун табиий тўсиқларни шакллантириш мақсадида ботқоқли ҳудудга ёмғир сувларини тўплайдиган ўсимликлар экилган Карденс Минде боғи яратилган.

Копенгаген университети архитектура профессори Анна Лунднинг таъкидлашича, мамлакат пойтахтида сув босиш хавфининг олдини олиш учун ботқоқликлар қуритилмоқда. Дания метеорология институти 2100 йилга бориб ёғингарчилик 30-70 фоизга, денгиздаги сув сатҳи эса 42 сантиметрга ошиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Юз йиллик охирига бориб Дания пойтахтидаги ерости сувлари даражаси ҳам ошади.

Анна Лунднинг қайд этишича, шаҳар ҳукумати пойтахт пастликларида янги қурилишларни амалга оширишдан тийилиши керак. «Сув босишидан ҳимояланиш учун табиий тўсиқ сифатида боғларни яратиш анча самарали ечим ҳисобланади», — дейди архитектор.

Копенгаген бизнес мактаби доценти Изабел Фроес AFP агентлиги билан суҳбатда Данияни «прототип-давлат» деб атаган, унга кўра, бу ерда қўлланган тажрибалардан кейинчалик шу каби муаммога дуч келган бошқа мамлакатлар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид