Uzasiaexport савдо платформаси орқали Ўзбекистон тарихида илк бор Данияга озиқ-овқат ва қуруқ мева маҳсулотлари юборилди. Бу ҳақда “Дунё” мухбири хабар бермоқда.
Данияга экспорт қилинган партия Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган корхона томонидан етказиб берилди. Мазкур шартнома Даниянинг озиқ-овқат импорти билан шуғулланувчи йирик Eurofoods Aps компанияси билан тузилган.
Экспорт доирасида умумий оғирлиги 19 тоннани ташкил этувчи майиз ва туршак маҳсулотлари юборилди. Улар сифат кўрсаткичлари, экологик тозалиги ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқлиги асосида танлаб олинган.
Ўзаро музокаралар, бозор таҳлиллари ва логистика жараёнлари самараси ўлароқ ушбу экспорт битими муваффақиятли амалга оширилди.
Мазкур келишув Ўзбекистон учун янги савдо бозорига чиқиш имкониятини яратди ҳамда мамлакат экспорт географиясини яна бир давлат — Дания ҳисобидан кенгайтирди.









