Ўзбекистон | 09:01 / 13.12.2024
3923
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғида осма кўприк ва кузатув минораси қурилади

Президентга Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғини реконструкция қилиш концепцияси тақдим этилди. Бу ерда янги дарахтлар экилади, кузатув минораси ва осма кўприк қурилади, метрога кириш қисми очилади ва унинг олдида майдон қурилади. 

Фото: Видеодан кадр

Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёевга қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари қаторида Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий боғини реконструкция қилиш концепцияси тақдим этилди.

Боғда релефдан тўғри фойдаланиб, яшил ҳудудларни кўпайтириш, сайр ва томоша жойлари, фавворалар, янги планетарий қуриш, шунингдек, сайёҳларни жалб қилиш учун гастро-холл ташкил этиш режа қилинмоқда.

Россиялик лойиҳачи Ирина Литвинова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида боғ концепциясини ишлаб чиқишда «аҳоли талаблари ҳам инобатга олинганини» айтди.

«Шаҳарнинг бу қисмида анъанавий муҳит ҳукмрон ва биз ҳам маълум маънода шундай услубни танлашга қарор қилдик. Мазкур боғда миллий, маданий элементлар уйғунлигини кўриш мумкин. Яъни ўзбек халқига хос бўёқлар, нақшлар, қолаверса, одамларнинг турмуш тарзи акс этади», — деди у.

Парк марказ бўйлаб, жумладан, ҳозирда сайёҳларни «оҳанрабодек тортадиган» Чорсу бозори ҳудуди билан интеграциялашган. «Бизнинг тахминимизча, Қодирий боғи ҳам худди шундай манзилга айланади ва шаҳар меҳмонларини ўзига жалб қилади», — деди у.

Боғда яшиллик оламини асраш учун замонавий томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилади.

Кузатув минораси ҳудуддаги диққатга сазовор объектлардан бири бўлади. «Бу умумий қиёфани ўзгартирмайдиган нафис реконструкция бўлиб, қуш парвози баландлигидан шаҳарнинг бор гўзаллигини кўриш мумкин. Ҳазрати Имом мажмуасининг мовий гумбазлари, Чорсу бозори ва шаҳарнинг анъанавий қисмини кузатиш учун ҳам жуда жозибали», — деди Ирина Литвинова.

Қодирий боғидаги яна бир муҳим жиҳат — бу метро вестибюлига чиқиш. «Бунга алоҳида ёндашдик. Боиси йўловчи оқими юқори, бизнинг ечимга кўра, метродан чиқишда фойдаланувчилар қулайлиги учун алоҳида майдон ташкил қилинади», — деди мутахассис.

«Метрога кириш эшиги олдида эса тўлиқ миллий таомларга бағишланган гастро-холл бўлади. У ерда Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган таомлардан татиб кўриш ва бир вақтнинг ўзида маҳорат дарслари ўтказиш имконияти яратилади. Яна одамларнинг ўзлари ҳам егуликлар тайёрлашлари мумкин», — деди у.

Марказий хиёбонни ободонлаштириш жараёнида болалар учун кўнгилочар айвонлар, фавворалар пайдо бўлади. Лойиҳага кўра, фаввора ҳавзаси замонавий шаклда қайта тикланади. Ўтиш жойларида фойдаланувчилар қулайлиги учун сув каналлари панжаралар билан ёпилади, баъзи нуқталарда ўз жойида қолади.

«Релефнинг пасайишига келсак, бу боғнинг асосий жиҳати. Чунки у ерда аввалдан табиий кузатиш майдончаси мавжуд. Биз бу ечимни такомиллаштирдик ва осма кўприкни бирлаштирдик. У нафақат томоша майдони ва чиройли фотосуратлар олиш учун муносиб манзил, балки амфитеатр сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда саҳнага қараган қия зинапоялар бўлади», — деди Ирина Литвинова.

Сув иншооти совитиш баробарида рамзий маънода амфитеатрнинг руҳини ифодалаб туради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид