Ўзбекистон | 17:00 / 18.12.2024
10420
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Янги “Макон” телеканали: Ўзбекистон медиамаконида янги бурилиш

Ўзбекистон медиа бозори жадал ривожланмоқда. Янги телеканалларнинг пайдо бўлиши миллий контентнинг хилма-хиллиги ва сифатини ошириш, рақобатчилик муҳитини кучайтириш ҳамда томошабинлар ва ОAВ учун янги имкониятлар яратишда муҳим ўрин тутади.

Aмирхон Умаров, Даврон Муқимов ва Камола Икрамова каби креатив медиаэкспертлар жамоаси “Макон” номли янги телеканалнинг очилишини эълон қилишди. 2024 йил 19 октябрдан тест режимида эфирга узатилиши бошланган янги телеканал томошабинлар томонидан ижобий қарши олинди. Канал асосан аёлларга мўлжалланган махсус контентни тайёрлашни режа қилган бўлиб, актуал мавзуларни муҳокама қилиш, маданий алмашинувни ривожлантириш ва юқори сифатли кўнгилочар дастурларни тақдим этишга йўналтирилган. 

Канал директори Aмирхон Умаров таъкидлаганидек, замонавий телеэфир технологияларидан, хусусан, онлайн платформалар ва интерактив форматлардан фойдаланиш “Макон” телеканалини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёдаги кенг аудитория учун ҳам очиқ форматга олиб чиқади. 

"Биз телеканалимизни ҳар бир томошабинга, унинг жойлашувидан қатъий назар, етиб боришини истаймиз. Техник ечимларимиз ва инновацион ёндашувларимиз бу мақсадга эришишга ёрдам беришига ишонаман. Шунингдек, биз креатив жамоалар ва янги продакшн компаниялар билан яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз. Бу илғор медиа экотизимини яратиш йўлида муҳим қадамдир", — дейди Aмирхон Умаров. 

“Макон” телеканали эфиридан юқори сифатли сериаллар ва ситкомлар, қизиқарли дастурлар, реалити-шоулар ва мусиқий кўрсатувлар, маҳаллий ва хорижий филмлар ўрин олади. Бу ёндашув томошабинларнинг кенг доирасини жалб этиш ва уларга бетакрор ҳамда долзарб контент тақдим этиш имконини беради. 

Канал Бош продюсери Даврон Муқимов телеканалнинг миллий маданиятни мустаҳкамлашдаги ўзига хос аҳамиятини алоҳида таъкидлади. 

"Биз маданият ва санъатни сақлаб қолиш ва ривожлантиришга хизмат қиламиз. Шунингдек, миллий анъаналарни янада бойитиш ва замонавий аҳамият касб этувчи мавзуларни ёритамиз. Томошабиннинг қалбига етиб бориш, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ўзбек тилимиз ва қадриятларимизни сақлаб қолиш ҳам бизнинг устувор йўналишларимиздан биридир” – қўшимча қилди Даврон Муқимов. 

Каналнинг Бош муҳаррири Камола Икромова таъкидлаганидек, “Макон” нафақат кўнгилочар вазифаларни, балки маълумот ва илҳом манбаи бўлишни ўз ичига олган. 

“Макон” телеканалининг эфирини маҳаллий контент билан бойитишни мақсад қилганмиз. Маданий ўзликни сақлаш, маҳаллий креатив соҳаларни ривожлантириш ва томошабинларга мамлакатнинг анъаналари, қадриятларини акс эттирувчи ноёб контентни тақдим этиш – бизнинг стратегик аҳамиятга эга вазифамиз” — деди Камола Икрамова. 

“Макон” телеканали янги медиа трендларини ўзида мужассам этиб, Ўзбекистоннинг замонавий ОAВ келажагини белгилашни ўз олдига мақсад қилган.

Реклама ҳуқуқи асосида