Судан Россия ҳарбий-денгиз базасини жойлаштиришдан бош тортди
Судан разведкаси ходимининг сўзларига кўра, унинг мамлакати Россиянинг С-400 зенит-ракета мажмуасини бериш ҳақидаги таклифини бу АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг салбий муносабатига сабаб бўлишидан қўрқиб, рад этган.
Россия ўз ҳарбий-денгиз базасини Қизил денгиз соҳилида Суданда жойлаштириш уринишларидан воз кечмаяпти, бироқ бу мақсадга ҳали эриша олмади. Бу ҳақда 18 декабр, чоршанба куни The Moscow Times (МТ) ёзмоқда. Унинг Судан разведкаси ходимига таяниб ёзишича, Россия Федерацияси ҳарбий-денгиз базасини қуриш бўйича келишувга эришиш учун маҳаллий ҳокимиятга замонавий С-400 зенит-ракета мажмуаси (ЗРМ)ни таклиф қилган. Бироқ, бу таклиф Судан томонидан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг салбий муносабатига сабаб бўлишидан қўрқиб, рад этилди. Судан разведкачисининг сўзларини америкалик икки амалдор ҳам тасдиқлади, дея аниқлик киритади МТ.
Янги ҳарбий-денгиз базасини қўлга киритиш Россия учун Суриядаги сўнгги воқеалар нуқтайи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда, у ерда ҳукмдор Башар Асаднинг ағдарилиши туфайли у бундай базадан маҳрум бўлиши мумкин. Шу билан бирга, фуқаролар уруши олиб борилаётган, ҳукумати Кремл томонидан қўллаб-қувватланадиган Судан (яқингача Сурияда бўлгани каби) ҳали Москва истакларини қондиргани йўқ. Бироқ, МТ қайд этишича, мамлакатлар ўртасида Россия қуроллари ва нефт маҳсулотларини сотиб олиш бўйича келишув тузилган. Хусусан, етти ойлик танаффусдан сўнг ёнилғи етказиб бериш қайта тикланди: апрелдан октябргача Россия Суданга 2,8 миллион баррел дизел ва бензин экспорт қилди, бу Судан импортининг деярли ярмини ташкил этади.
Россия ҲДФнинг Судандаги базаси ҳақидаги мунозара беш йилдан ортиқ давом этмоқда
Порт-Суданда Россия ҳарбий-денгиз флоти (ҲДФ) базасини қуриш масаласи 2019 йилда муҳокама қилинган ва давлатлар бу борада келишувга эришган эди. Аммо мамлакатда фуқаролар уруши бошланганидан кейин у ратификация қилинмаган. The Moscow Times таъкидлаганидек, дастлаб Россия «Вагнер» ХҲК орқали исёнчилар ҳаракатига ёрдам берган, аммо кейинчалик ҳукумат қўшинларини қўллаб-қувватлай бошлаган. 2024 йил феврал ойида Россиянинг Судандаги элчиси Андрей Черновол база қурилиши номаълум муддатга қолдирилганини айтди.
«Россияга пул ва Қизил денгизда ҳарбий-денгиз базаси керак, армия билан иттифоқ эса уларга қурол сотиш ва Порт-Суданда объектга эга бўлиш имкониятини англатади», — дея МТ Conflict Observatory тадқиқотчиси Жастин Линчнинг сўзларини келтиради. Собиқ СССР давридан бери Африкада биринчи ҳарбий-денгиз базасини жойлаштириш орқали Россия Сувайш каналидан ўтадиган йўналишни назорат қилиши ва постсовет даврида йўқотилган Ҳинд океанида доимий мавжудлигини таъминлай олади, деб ёзади нашр. ҳарбий эксперт Виктор Мураховскийга таяниб.
Мавзуга оид
16:49
Россиялик депутат мигрантлар учун виза жорий қилишни талаб этди
09:20
Чехия парламенти россияликлар учун фуқаролик олиш ҳуқуқини чеклади
16:51 / 18.12.2024
Россияда бизнес уруш оқибатларини ҳис қила бошлади
14:11 / 18.12.2024