Жаҳон | 14:59 / 04.12.2025
863
2 дақиқада ўқилади

Рютте: Украина ҳамкорлари Россияга босимни давом эттириши керак

АҚШнинг Россияни Украина билан музокара столига ўтиришга ундашга қаратилган уринишлари фонида НАТО бош котиби Киевнинг ҳамкор ва иттифоқчилари Путинга нисбатан босимни давом эттириши кераклигини таъкидлади.

Фото: NICOLAS TUCAT / AFP / Scanpix

Россия президенти Владимир Путин ўз ҳисоб-китобларини ўзгартиришга мажбур бўлади ва «чиқиш йўқлигини тушунади», деди чоршанба куни, 3 декабрда Брюсселда НАТО бош котиби Марк Рютте DW саволига жавоб берар экан. Унинг фикрича, АҚШ томонининг Украинадаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш бўйича Москвани мулоқотга ундашга навбатдаги уринишидан сўнг, Киевнинг ҳамкор ва иттифоқчилари Россияга нисбатан босимни давом эттириши зарур.

«Бу қурол етказиб беришни, иқтисодий босимни давом эттиришни ва натижада, президентнинг ҳисоб-китобларини ўзгартиришни англатади. У чиқиш йўқлигини, охир-оқибат барибир муросага боришга тўғри келишини, бу ҳозир бўладими ёки яқин келажакда бўладими, тушуниши керак», — деди Рютте НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилиши якунланганидан кейин алянс штаб-квартирасида ўтказилган якуний матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, тинчлик жараёни охир-оқибат муваффақиятли натижага олиб келадими-йўқми, ҳозирча номаълум. «Биз бунга ҳаммамиз дуо қиляпмиз», — деб қўшимча қилди НАТО бош котиби. Унинг фикрича, муваффақият деганда Украина суверен давлат сифатида ривожланишда давом этиши, ўз қуролли кучлари орқали ўзини ҳимоя қила олиши ва Минск келишувлари сценарийси такрорланмаслиги учун ишончли хавфсизлик кафолатлари билан таъминланиши назарда тутилади.

DW мухбири АҚШ саъй-ҳаракатларидан сўнг Россия позицияси ҳеч бўлмаса бироз бўлса ҳам Украина мавқеига яқинлашган-яқинлашмагани ҳақида сўралганда, Рютте жавоб беришдан бош тортди ва амалга оширилаётган музокаралар тафсилотларини ошкор этиш уларнинг боришига зарар етказишини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид