Жаҳон | 13:34 / 29.01.2025
2169
3 дақиқада ўқилади

БМТ Гомадаги қотиллик ва зўравонликларни қоралади

Европа Иттифоқи ортидан БМТ идораси КДР шарқида ҳарбий ҳаракатлар авж олганидан хавотир билдирди. Уларга кўра, 2 миллион аҳолига эга Гома шаҳрида Конго армияси ва Руанда жангарилари ўртасида жанглар давом этмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Конго Демократик Республикасининг (КДР) шарқий қисмидаги йирик Гома шаҳрининг М23 гуруҳига мансуб руандалик жангарилар томонидан босиб олиниши ва ундан кейин содир бўлган зўравонлик, қотиллик ва талончилик ҳаракатларидан хавотир билдирди. 28 январ, сешанба куни Женевада БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ГММБ) матбуот котиби Йенс Лерке: «Тиббиёт муассасаларига ҳужумлар, зўрлаш, талон-торож қилиш ҳолатлари содир этилгани ҳақида хабарлар бор», деб маълум қилди.

Январ ойи бошида жанглар авж олганидан бери юз минглаб одамлар зўравонликлардан қочди, деди у. Исёнчиларнинг ўзи Конго Демократик Республикасида яшовчи тутси этник гуруҳи вакилларини ҳимоя қилаётганини даъво қилмоқда. Можаро, шунингдек, минтақадаги бой фойдали қазилма конларини назорат қилиш билан боғлиқ, деб хабар берди AFP аввалроқ.

Франция КДРдаги элчихоналарга қилинган ҳужумларни қоралади

Ўз навбатида, Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро КДРнинг шарқий ҳудудларида содир бўлган воқеаларга норозилик билдирган оломон томонидан Франция, Белгия, Кения, Руанда, Уганда ва АҚШнинг мамлакат пойтахти Киншасадаги элчихоналарига уюштирилган ҳужумларни қоралади. «Бу ҳужумларни қабул қилиб бўлмайди. Ходимларимиз ва фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун қўлдан келган барча нарса қилинмоқда», деб ёзган Барро X ижтимоий тармоқда.

AFP хабар беришича, полиция Киншасадаги намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Шу билан бирга, намойишчилар халқаро ҳамжамиятдан Руанда армиясининг Конго Демократик Республикасига мисли кўрилмаган бостириб кириши муносабати билан унга босим ўтказишни талаб қилмоқда. «Биз халқаро ҳамжамиятнинг иккиюзламачилигини қоралаймиз», деди намойишчилардан бири агентлик мухбирига.

Европа Иттифоқи кенгаши Руанда ҳукуматини қўшни КДР шарқидаги исёнчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди. Руанда ўз қўшинларини Конго Демократик Республикасидан олиб чиқиши керак, дея маълум қилди Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги йиғилишда. «Европа Иттифоқи КДР шарқидаги инқирозни диққат билан кузатиб бормоқда», деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас. Шунингдек, у халқаро тинчликпарвар миссия аъзоларига қилинган ҳужумларни қабул қилиб бўлмас деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид